Хушхабар: Samsung Galaxy Note 8 тақдим қилинди

Хушхабар: Samsung Galaxy Note 8 тақдим қилинди

Жаҳоннинг етакчи IT-гиганти Samsung ҳозиргина 8-авлод Galaxy Note гаджетини Нью-Йоркда тақдим қилди.

Samsung Galaxy Note 8 диагонали 6,3 дюймли Infinity Display дизайнидаги, Galaxy S8 каби 18.5:9 ҳажмли, Super AMOLED матрицали  Quad HD+ (2960 x 1440 белги) пиксел сиғимли экранга эга бўлган.

Дизайн

Смартфон дизайнини Galaxy S8 флагманидан олган: "ниҳоясиз"  дисплей ён ромларидан холи, шунингдек олд панел юқори ва қуйи қисмлари жуда юпқа ҳошия-ромларига эга бўлган. Орқа панел — қайрилма шиша услубида яратилган.

Ўта юпқа ромлар боис, бармоқ излари сканери орқа панелга, камера ёнига кўчган. Шу билан бирга, бу ердан кўз пардаси сканери ҳам  ўрин олган.

Samsung Galaxy Note 8 корпуси IP68 стандарти бўйича ҳимояланган. Яъни унинг учун чанг ва сув қўрқинчли эмас. Фаблет 1,5 метр сув тубида 30 дақиқа жон сақлай олади.

Платформа

Фаблетга  Samsung'нинг 8 ядроли Exynos 8895 процессори, 6 ГБ тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотира ўрнатилган. Процессорнинг 4 ядросининг частота тезлиги 2,3 ГГц, ыолган 4 ядроники 1,7 ГГц.

Фаблетнинг аккумулятор сиғими 3300 мА соат. Смартфон ўлчамлари: 162,2x74,8x8,5 мм., вазни -- 190 грамм.

Galaxy Note8 Android 7.1 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади.

Дисплей ва перо

Galaxy Note8 гелекси туркумидаги смартфон моделлари орасида энг йирик экранга эга бўлган — 6,3 дюйм. Бу дисплей Super AMOLED технологияси асосида тайёрланган ва 2960х1440 пиксел сиғимига эга. Бу флагманда ҳам Always On Display — блокировка ҳолатида ҳам вақт, огоҳлантиришлар акс этувчи функция сақлаб қолинган.

Йирик экранда S Pen — Note туркумининг «фишка»си бўлган "ақлли қаламча" билан ишлаш осон. S Pen ёрдамида қайдларни ёзиб қолдириш, чизиш ва смартфонни бошқариш, бошқа амалларни бажариш жуда осон.

S-pen ёрдамида смартфонга 100 бетгача ҳажмда қайд қолдириш мумкин. Ҳатто, экран ўчиқ ҳолатда ҳам қайдларни ёзиш мумкин. Шунингдек, Samsung Note 8 фойдаланувчилари учун махсу ранг-тасвир иловаси ҳам тақдим қилинади.  

Камера

Galaxy Note 8 смартфони Samsung'нинг қўш объективли бош камерага эга илк телефони бўлди. Унга 2 та 12 мегапикселли -- кенг бурчак остида суратга олувчи ҳамда телефото сенсорлари ўрнатилган. Натижада, камерада 3 карралик яқинлаштириш, орқа фонни ғира-шира қилиб тасвирга олиш технологиялари жорий қилинган.  

f/1.7 ҳажмли ёруғлик линзаларига эга сенсорлар, шунингдек Dual Pixel, оптик барқарорлаштириш технологиялари билан ҳам таъминланган. Уларнинг ҳар бири алоҳида сурат олиши ҳам мумкин.  

Galaxy Note 8 селфи-камераси учун 8 МП сиғимли, диафрагмаси f/1.7 бўлган, автофокус функциясига эга модул танланган.

Нарх-наво

Galaxy Note 8 сентябр ойи ўрталарида жаҳон бозорига "қора бриллиант", "сариқ топаз" (ялтироқ қимматбаҳо тош), "мовий сапфир" рангли корпусларда 1,185 АҚШ доллари нархида сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!