Хушхабар: Telegram 4.5 талқинигача янгиланди, ўзгаришлар билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  4530
  •  15.11.2017 11:59

Хушхабар: Telegram 4.5 талқинигача янгиланди, ўзгаришлар билан танишинг!

Кўпчилик севиб фойдаланаётган Telegram мессенжерининг мобил қурилмаларга мўлжалланган иловаси янгиланди. Ундаги ўзгаришлар тўғрисида мессенжернинг расмий сайтида маълумот берилган.

Янги талқинда фойдаланувчилар учун ёқимли ўзгаришлар ва яхшиланишлар мавжуд. Уларнинг асосийлари қуйидагилардир:

  1. Фотосуратларни гуруҳлаш.

Энди бир нечта фотосуратлар ёки видеолавҳаларни юборишда уларни битта альбомга бирлаштириш – гуруҳлаш мумкин.

Ҳар бир альбом ўнтагача расм ёки лавҳани ўз ичига олади. Қабул қилувчига эса ҳар бир сурат ёки ролик алоҳида билдиришномаларда эмас, балки яхлит альбом битта билдиришномада боради.

Шунингдек, фотосуратларни қай тартибда жўнатишни танлаш имконияти ҳам тақдим этилган. Бу эса расмларнинг кетма-кетлигини бузмасдан жўнатиш ва қабул қилишга имкон беради.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон ўзининг Uzphone мессенжерини ишлаб чиқмоқда

  1. «Танланганлар» («Избранное») ёки «Сақланган хабарлар» функцияси.

Олдинги версияларда менюни очганда юқори қисмда турадиган «Булут» энди меню рўйхатига кўчирилган ва «Сақланган хабарлар» (ёки «Танланганлар») деб номланган.

Аввал унга бирор матн ёки расм, видео ва ҳоказоларни ўзингиз алоҳида янги хабар тарзида юборишингиз керак бўлса, энди Telegram 4.5 талқинида, бошқа чатлардаги бирор хабарни шу ўзингизга – «Сақланган хабарлар»га юбора оласиз. У бирор хабарни бошқага йўналтириш – «Переслать» менюсининг бошида турганлиги эса ишни анча осонлаштиради.

ЎҚИНГ: Eva – Telegram’ни «кучайтирувчи» Android-илова

Шу тариқа, турли каналлардаги, гуруҳлардаги ёки шахсий ёзишмаларингиздаги муҳим хабарларни «Избранное» чатига юбориш мумкин. Ҳар бир «Сақланган хабар» ёнида «Перейти к» тугмачаси мавжуд, у орқали ушбу хабарнинг дастлабки ўрни – бошланғич чатдаги жойига бора оласиз.

«Сақланган хабарлар»ни топиш осон – унга чатлар рўйхатидан ўтсангиз бўлади. Шунингдек, «Избранное»га Android-иловада ён панел – менюдан, iOS-иловада эса Settings менюсидан ҳам ўтиш имкони мавжуд.

  1. Яхшиланган қидирув.

Турли ботлар ёки оммавий гуруҳлар ва каналларни излаш анча осонлашди. Шунчаки умумий қидирув майдончасида ўзингизга керакли номни тера бошласангиз бас – шу номдаги канал, гуруҳ ва ботлар рўйхати чиқиб келади. Бунда биринчи ўринда энг оммабоп гуруҳ, ботлар ва каналлар кўринади.

ЎҚИНГ: Telegram’даги энг зўр каналлар-6: фан ва технологияларга қизиқувчилар учун!

  1. Бириктирилган хабарлар.

Энди канал маъмурлари (администраторлари) ундаги бирор хабарни бириктириб қўйишлари мумкин. Шу тариқа, эълон, қоидалар ва ҳоказо тарздаги бирор муҳим хабарни канал аъзоларига ҳамиша кўриниб турадиган қилиб қўйса бўлади.

  1. iOS-гаджетлар учун енгилликлар ва iPhone X қўллаб-қувватлови.

iOS операцион тизими бошқаруви остида ишловчи девайслар учун тақдим этилган Telegram 4.5 янги созламалар билан бойитилган ва уларнинг кўриниши ҳам яхшиланган. Шунингдек, илованинг янги талқини Apple’нинг «юбилей айфони» дисплейига ҳам мослаштирилган. Унда iPhone X моделида ишлаш билан боғлиқ муаммолар, хатоликлар бартараф этилган.

ЎҚИНГ: Telegram’даги энг зўр ботлар ва каналлар-5: инглизчани ўрганувчилар учун!

Telegram мессенжерининг Android операцион тизими бошқаруви остидаги мобил қурилмалар учун иловасини мана бу, iPhone ҳамда iPad’лар учун ишлаб чиқилган иловасини эса мана бу ҳаволалар орқали юклаб олишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!