Хюстон, бизда муаммо бор: Starship ракетаси учирилиши парвозга атиги 40 сония қолганда қолдирилди

Хюстон, бизда муаммо бор: Starship ракетаси учирилиши парвозга атиги 40 сония қолганда қолдирилди

SpaceX компанияси кеча ўзининг Starship ракетасини Ер орбитасига синов тариқасида учиришни режаштирган эди. Бироқ, само кемаси учирилишига атиги 40 сония қолгани парвоз бекор қилинди ва кейинга қолдирилди.

Маълум бўлишича, парвоз қолдирилишига ракетанинг бустер қисмидаги муаммо, клапанлардан бирининг музлаб қолганлиги сабаб бўлган. Илон Маск бу ҳақда ракета учирилишига 5 дақиқача қолганда ўз Twitter саҳифасида хабар берган эди:

"Босим клапани музлаб қолганга ўхшайди, шундай экан, агар у тез орада ишламаса, парвоз бугун бўлмайди", – Илон Маск. 

Ракета учирилиши қолдирилганлиги эълон қилиниши билан бирга навбатдаги уриниш икки кундан кейин, 19 апрел куни амалга оширилиши ҳақида хабар берган эди. Бироқ, SpaceX берган сўнгги маълумотларга кўра, иккинчи уринишни 20 апрел куни Тошкент вақти билан 18:28 да амалга оширади, 19 апрел эмас.

Эҳтимол, парвоз бекор қилингани эвазига: SpaceX ўзининг Starship шаклидаги зажигалкасини сотувга чиқарди. Компания янги маҳсулотни Starship парвози амалга оширилиши билан параллел равишда тақдим қилди.

"Ўз номига муносиб, қўлда ишлайдиган Starship машъаласи шамолга чидамли аланга ҳосил қилиш учун мўлжалланган ва у стейкдан то ширинликларгача бўлган ҳар қандай нарсани қовуришни осонлаштиради. Ошхонадан ташқарида эса шам ёки ўчоқни ёқиш учун Starship'дан фойдаланинг. Қўлингизда Starship кучи турганида кимга гугуртлар керак бўлади?", – дея таърифлайди SpaceX ўзининг Starship зажигалкасини.

Қизиғи шундаки, агар ундан фойдаланмайдиган бўлсангиз хавфсизлик қулфини активация қилиш билан сиз зажигалкани Starship само кемаси модели сифатида ўз уйингиз "кўргазмаси"га қўйиб қўйишингиз мумкин бўлади. Қайта-қайта фойдаланиш учун эса ракетани стандарт бутан билан тўлдириш мумкин. Унинг нархи 175 долларни ташкил қилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!