Ягона қисқа рақам тизими жорий этилади: 112 қисқа рақами ҳақида эшитдингизми?

  •   DiMaX
  •  2460
  •  06.01.2020 13:06

Ягона қисқа рақам тизими жорий этилади: 112 қисқа рақами ҳақида эшитдингизми?

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида Тошкент шаҳрида фавқулодда вазият ҳолатларида қўнғироқ қилинадиган ягона қисқа рақам тизимини яратиш таклиф этилган. Бу хусусда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Тошкентда тезкор чақирув — 112 хизмати ишга туширилади

«Тошкент шаҳри аҳолисига қулайликлар яратиш мақсадида «Ақлли шаҳар» (Умный город) концепциясига қўшимча тарзда турли фавқулодда вазият ҳолатларида қўнғироқ қилинадиган телефон рақамларини (101, 102, 103, 104) ягона рақамга бирлаштиришни таклиф қиламан», – деб ёзган мурожаат муаллифи.

Шу асосда Kun.uz сайтида «Тошкентда янги ягона қисқа рақам тизимини яратиш таклиф этилди» номли мақола ҳам чоп этилган.

Ушбу таклифга аниқлик киритиш мақсадида АТК вазирлиги шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон қарори билан 2019-2023 йилларда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш белгиланган.

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар ва ягона технологик ёндашувни ташкил қилиш тўғрисида» 2018 йил 7 майдаги 343-сон қарорига мувофиқ «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасининг техник ҳужжатлари (Концепция, Бош техник топшириқ, Техник иқтисодий ҳисоб) Халқаро консалтинг компанияси («PWC») экспертлар гуруҳи билан биргаликда тегишли идоралар ва вазирликлар иштирокида ишлаб чиқилди.

ЎҚИНГ: «Mirzo Ulugbek Innovation Center» маркази тугатилмоқда

Биринчи босқичда 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасининг ягона технологик платформасини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Шу асосда Тошкент шаҳридаги барча қисқа рақамли тезкор навбатчилик – 101, 102, 103, 104, 1050, 1055 хизматлари Ягона вазиятлар марказига жамланади ҳамда умумий «112» – навбатчилик хизмати доирасида фаолияти ташкил этилади.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳа, маданият, туризм объектлари, вокзал ва бозорларда жамоат тартибини ва хавфсизликни таъминлаш учун 50 мингдан ортиқ кузатув камералари ўрнатилади ҳамда умумий маълумотлар базаси 20 млн.дан ортиқ бўлган интелектуал қидирув тизими ташкил этилади.

500 дан ортиқ чорраҳаларда замонавий йўл ҳаракатини бошқариш тармоғи яратилиб, «ақлли» автотураргоҳ хизмати жорий этилади.

Кадастр маълумотлари киритилган электрон рақамли харита ишлаб чиқилади ва унинг ёрдамида ноқонуний олиб бориладиган қурилишларга тезкор чора кўриш имкониятлари яратилади.

Шаҳарда атроф-муҳитни экология ҳолатини ягона мониторинг ва назорат қилиш тизими ташкил этилиши ҳамда вазиятлар марказига интеграция қилинади.

Тезкор навбатчилик хизмати ходимлари ва техник мутахассислари малакасини ошириш бўйича ўқув маркази ҳамда тизимнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун лаборатория ташкил этилиши кўзда тутилган.

ЎҚИНГ: ЙПХ ходимининг смартфони боди-камера бўла оладими?

Маълумот учун:

«Хавфсиз шаҳар» тизим ёрдамида қуйидаги ижобий кўрсаткичларга эришилиши кутилмоқда, жумладан:

  • умумий «112» – навбатчилик хизмати фаолияти доирасида фавқулодда вазиятлар хизматларининг фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизми жорий этилиши;
  • жамоатчиликнинг давлат тузилмаларига нисбатан ишончи 35 фоизга ошиши;
  • жиноятларни фош этиш вақти ва ҳуқуқбузарликлар сони 45 фоизгача камайиши;
  • атроф-муҳит экология ҳолатини мониторинг ва назорат қилиш бўйича ягона тизим ташкил этилиши натижасида шаҳар экологик ҳолати назоратга олиниши ва яхшиланишига замин яратилади.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компанияларни кенг жалб этиш ҳамда ҳамкорлик жараёнида уларнинг тажрибасини ошириш ва келгусида жаҳон бозорига чиқишлари учун замин яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг махсус тезкор хизматлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ўқув марказини яратиш хамда видеокузатув камераларини, ўрнатиладиган дастурий таъминотларни мавжуд стандартларга мувофиқлигини текшириш ва интеграция қилиш бўйича махсус лаборатория ташкил этиш назарда тутилган, дейилади хабарда.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда юзни таниш технологиясини жорий этишга Хитой ёрдамлашади

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!