Яна бир арзон «автономлик монстри» чиқди: нарх ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  967
  •  21.06.2021 15:18

Яна бир арзон «автономлик монстри» чиқди: нарх ва жиҳатлари

Samsung компанияси Galaxy M32 русумли янги моделини апрелдаёқ Geekbench сервисида текшириб кўрган эди. Ниҳоят, бугун – 21 июнь куни ушбу смартфон Ҳиндистонда расман намойиш қилинди. Лекин унгача...

ЎҚИНГ: Galaxy M32 намойишидан олдин ёқиб, ишлатиб кўрсатилган анбоксинг видеоси чиқди

Шундай қилиб, Samsung Galaxy M32 қадоғиданоқ Android 11 операцион тизими устига қурилган One UI 3.1 график қобиғи бошқаруви остида ишлайди. Унда контактсиз тўловлар учун NFC модули бор-йўқлиги айтилмаганига қараганда, Samsung тежамкорлик мақсадида бу чипдан воз кечган.

Смартфон пластик корпусда ишлаб чиқилган бўлиб, икки хил рангда таклиф этилади. Компания унда Infinity-U турига мансуб, яъни томчисимон кемтикли Super AMOLED дисплей ишлатган. Экран ўлчами диагоналига 6.4 дюймлик, тасвир аниқлиги эса FHD+ форматида.

Дисплей кадр янгиланишининг 90 герцлик частотасини қўллаб-қувватлайди, унинг максимал ёрқинлиги – 800 нит. Экран устига Gorilla Glass 5 тобланган шишаси тортилган.

Galaxy M32 самарадорлигига MediaTek Helio G80 процессори масъул. Samsung бу смартфонини 4/6 гигабайтлик, LPDDR4X тоифали тезкор ҳамда 64/128 гигабайтлик, eMMC 5.1 стандартидаги доимий хотира билан таъминлаган.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Samsung Galaxy A72

Янги смартфоннинг афзалликларидан бири – 6000 мА/соатлик аккумулятори бўлиб, 25 ваттлик тезкор қувватлана олади. Лекин унинг қадоғига 15 ваттлик зарядчик солинган, холос.

Селфи учун Galaxy M32 дисплейи ўйиғига 20 мегапикселлик сенсор ўрнатилган. Унинг бош камераси эса 64 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик датчиклар қўлланган.

Galaxy M32 модели яна microSD-карта слоти, GPS, LTE, Wi-Fi b/g/n/ac ва Bluetooth 5.0 интерфейслари билан ҳам мақтана олади. Унинг корпусида USB Type-C порти, стандарт қулоқчин тирқиши ҳамда ён қиррасида бармоқ изи сканери мавжуд.

Galaxy M32 моделининг Ҳиндистондаги савдоси 28 июнда бошланади. Унинг тезкор/доимиз хотираси 4/64 гигабайтлик варианти учун 200 АҚШ долларига, 6/128 гигабайтлиги учун эса 229 долларга тенг нарх белгиланган. Ушбу смартфон бошқа мамлакатлар бозорларига қачон тақдим этилиши ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: Galaxy F42 5G ҳам сертификат олди – хусусиятлари билан танишамиз

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!