Яна бир ҳамёнбоп Samsung смартфонининг сурати ва хусусиятларини Google «сотиб қўйди»!

  •   DiMaX
  •  862
  •  05.03.2021 09:27

Яна бир ҳамёнбоп Samsung смартфонининг сурати ва хусусиятларини Google «сотиб қўйди»!

Эсласангиз керак – яқинда ҳали расман намойиш қилинмаган Galaxy A52 5G смартфонининг техник хусусиятлари Google Play Console маълумотлар базасида пайдо бўлган эди. Ушбу қурилманинг бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлламайдиган версияси – Galaxy A52 4G ҳам чиқиши маълум бўлган.

ЎҚИНГ: Galaxy A52 4G ҳамда A52 5G: нархлари, фарқлари ва умумий жиҳатлари

Энди бўлса Google Play Console жанубий кореялик корпорациянинг яна бир бўлажак хити – Galaxy A72 моделини ҳам «сотиб қўйди». Маълумотлар базасида унинг бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлламайдиган версияси – Galaxy A72 4G техник хусусиятлари ҳақидаги қайдлар чиққан.

Google Play Console таъкидлашича, қурилманинг 4G-версияси Qualcomm Snapdragon 720G процессорига таянган. Смартфон энг сўнгги авлод – Android 11 операцион тизим базасида ишлайди ва 6 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Geekbench сервисида унинг 8 гигабайтлик «оперативка»ли варианти текшириб кўрилган эди.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли ўнта энг кучли смартфон (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)

Samsung ушбу янги смартфонини Full HD+ экран билан таъминлаган, унда пикселлар зичлиги бир дюймга 450 пикселни ташкил этади. Galaxy A72 модели диагоналига 6,7 дюймлик, томонлари ўзаро 20:9 нисбатли S-AMOLED дисплейга эга бўлиши кутилмоқда. Кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик бўлган экраннинг ўзига бармоқ изи сканери ҳам интеграция қилинган.

Galaxy A72 4G селфи-камераси 32 мегапикселлик бўлиб, дисплейнинг юқори қисми ўртасидаги тирқишга ўрнатилган. Бош камера эса 64 МПлик асосий, 12 МПлик кенг бурчакли модуллардан ташқари ҳар бири 5 МПлик яна иккита датчикни ўзида жамлаган.

Смартфоннинг 5000 мА/соатлик батареяси 25 ваттлик усулда тезкор қувват олади. Уни харидорларга 128 ва 256 гигабайтлик доимий хотирали вариантларда таклиф этишади, нархи эса 449 евродан бошланади.

ЎҚИНГ: Galaxy A32 4G тақдим қилинди: 5G-версиядан арзон, лекин унисидан ҳам зўр!