Яна бир мамлакат энг оммабоп PUBG ва Fortnite ўйинларини тақиқлади
Аввалроқ ота-онаси PUBG Mobile ўйини учун кучли смартфон олиб бермаганлиги боис бир йигитча ўзини ўлдирган эди. Шу каби ҳолатлар ва умуман ўсмир-ёшлар руҳиятига салбий таъсири сабабли, айрим мамлакатлар жангари руҳдаги видеоўйинларни тақиқлай бошлашган.
Куни кеча Ироқ парламенти ҳам тобора оммалашиб бораётган PlayerUnknown’s Battlegrounds (PUBG) ҳамда Fortnite онлайн-ўйинларини мамлакатда тақиқлашни ёқлаб овоз берди. Мазкур қарорга сабаб сифатида бу ўйинларнинг болаларга кўрсатаётган салбий таъсири таъкидланган.
Шунингдек, депутатлар тасдиқлаган қарор ушбу икки ўйин билан боғлиқ молиявий транзакцияларни ҳам блоклашни кўзда тутган. Парламент фикрича, бу – Ироқ жамиятининг саломатлиги, маданияти ва хавфсизлигига бўладиган салбий таъсирларнинг, болалар ва ёшларига ижтимоий ва ахлоқий таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган қарордир.
Айтиш керакки, PUBG ва Fortnite ўйинларини тақиқловчи қарор ироқликларнинг оммавий норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда улар мамлакат парламенти аъзоларини танқид қилишмоқда.
ЎҚИНГ: PUBG ўйнаётган вояга етмаганларни ҳибсга олиш бошланди!