Яна бир Samsung флагманига янгиланиш келди

Яна бир Samsung флагманига янгиланиш келди

Бу ҳафта Galaxy S9 ва S9+ смартфонлари билан бир қаторда Galaxy Note 9'га ҳам ноябрь ойи тизим янгиланиши кела бошлади.

Ҳар доимгидек, янгиланиш даставвал Германиядаги Exynos'ли қурилмаларга жўнатилди. Бироқ бир неча ҳафта ичида бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчиларга ҳам юборилади. Янгиланиш версия рақами N960FXXS4CSJ1.

Samsung ноябрь ойи хавфсизлик патчи ҳақида илгарироқ маълумот берган эди. Унга кўра, ушбу янгиланиш билан Android операцион тизимидаги ўрта ва юқори даражадаги тўққизта камчилик тузатилади. Улар қаторида сентябрь ойида Исроилдаги кибер-разведка компанияси томонидан эксплуатация қилинган ўта катта заифлик ҳам бор. Бироқ ўшанда ҳужумга учраган қурилмалар рўйхатида Note 9 йўқ эди. Ноябрь патчи, шунингдек, фақатгина Samsung дастурий таъминотига тааллуқли бўлган 39 та заифликни ҳам тўғрилайди.

Ушбу янгиланишдан сўнг қурилмага ҳеч қандай янги функция қўшилмайди. Катта ўзгаришлар учун эса Android 10 ва One UI 2'ни бироз вақт кутиш керак бўлади.

Агар Германияда яшасангиз, янгиланишни Созламалар иловасидаги Тизим янгиланиши -> Юклаш ва ўрнатиш буйруқлари орқали юклашингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Янгиланишдан сўнг олдинги Note смартфонларига Note10'даги функция қўшилди