Яна битта Google сервисининг расман «жанозаси ўқилди»

  •   DiMaX
  •  791
  •  22.10.2020 16:53

Яна битта Google сервисининг расман «жанозаси ўқилди»

Google компаниясининг муваффақиятли чиқмаган, ўз умрини ўтаб бўлган ҳамда «туғилмасдан бўғилган» маҳсулотларини акс эттирувчи Killed By Google сайти мавжуд. Унга «дафн этилган» бир қатор сервислар, иловалар ва гаджетлар ҳақида бир қатор хабарлар эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Google маҳсулотларининг ҳақиқий қабристони очилди – қабртошлари ҳам бор!

Қидирув гиганти шу йилнинг май ойида «Google Play Мусиқа» (Google Play Music) стриминг платформасини ёпишини, унинг ўрнига YouTube Music қолишини эълон қилган эди. Google ёзда ўзи маълум қилганидек, Play Music иловасини расман буткул ёпиб қўйди.

Энди мусиқа шинавандлари YouTube Music сервисига ўтишлари бошқа компанияларнинг мусиқа сервисларидан фойдаланишлари мумкин. Биринчиси осонроқ кечади – Google ёпилган сервисдаги бутун фонотекани бутунича кўчириб ўтказиш тугмачасини жорий этган.

Play Music сервисининг тўхтатилиш сабабини Google расман эълон қилмаган; мутахассисларнинг фикрича, компания уни ривожлантиришдан маъно йўқ, деб ҳисоблаган. Зеро, «Google Play Мусиқа» деярли 10 йиллик умри давомида атиги 15 миллион нафар пулли обуначи тўплай олган.

Таққослаш учун: Apple Music сервиси бундан икки баравар кам муддатда 50 миллион фойдаланувчи тўплаган. Онлайн мусиқа сервислари орасида етакчи эса барибир Spotify ҳисобланади – ундан пулли обуна асосида 130 миллион киши фойдаланмоқда.

ЎҚИНГ: Онлайн аудио тинглаганда қанча мегабайтингиз кетади?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!