Яна битта оммабоп сервис «Google қабристони»га кетяпти (+видео)

  •   DiMaX
  •  1591
  •  13.05.2020 15:26

Яна битта оммабоп сервис «Google қабристони»га кетяпти (+видео)

Google компаниясининг муваффақиятли чиқмаган, ўз умрини ўтаб бўлган ҳамда «туғилмасдан бўғилган» маҳсулотларини акс эттирувчи Killed By Google сайти мавжуд. Унга «дафн этилган» бир қатор сервислар, иловалар ва гаджетлар ҳақида бир қатор хабарлар эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Google маҳсулотларининг ҳақиқий қабристони очилди – қабртошлари ҳам бор!

Қидирув гиганти яқинда ҳаваскор дастурчиларга мўлжалланган сервисининг «жанозасини ўқиган» эди. Энди эса у «Google Play Мусиқа» стриминг платформасини ёпишини, унинг ўрнига YouTube Music қолишини эълон қилди. Шу боисдан у мусиқа сервиси фойдаланувчиларига ўзларининг мусиқий коллекцияларини обуналарини сақлаган ҳолда шу сервисга кўчиришни тавсия этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, YouTube Music мусиқий иловаси 2015 йили ишга тушган.

ЎҚИНГ: Энди YouTube'нинг қўшимча функцияси еттита Осиё давлатида ҳам мавжуд!

«Play Мусиқа»нинг қўллаб-қувватланиши қачон тугаши аниқ айтилмаяпти, лекин дастурчиларнинг таъкидлашларига кўра, барча фойдаланувчиларда ўз маълумотларини YouTube Music сервисига кўчириш ва у билан батафсил танишиб олиш учун вақт етарли бўлади.

Ёпилаётган сервисдаги қўшиқларингиз, плейлистлар ва тавсияларингизни кўчириб ўтказиш учун, аввало, YouTube Music иловасини смартфонингизга юклаб олишингиз керак. Android-қурилмаларга уни ушбу, iOS-гаджетларга эса мана бу ҳаволалар орқали ўрнатиш мумкин. Кейин эса уни очиб, «Кўчириб ўтказиш» («Перенести») тугмачасини боссангиз етарли.

YouTube Music – ойлик обунага эга сервис, аммо ундан бепул асосда ҳам фойдаланиш мумкин, рекламасидан безор бўлмасангиз бас. «Google Play Мусиқа»дан кўчиб ўтаётганда автоматик тарзда YouTube Music Premium обунаси фаоллашади, уни ўчириб қўйишингиз керак бўлади.

ЎҚИНГ: YouTube’нинг пулли функциясидан Telegram орқали бепул ва рекламасиз фойдаланса бўлар экан!