«Яндекс» Самарқанднинг виртуал харитасини яратмоқда

  •   DiMaX
  •  670
  •  07.11.2019 08:36

«Яндекс» Самарқанднинг виртуал харитасини яратмоқда

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари туфайли турли мамлакатлар ва шаҳарлар аҳолиси Самарқанд кўчалари бўйлаб виртуал сайр қилган ҳолда унинг тарихий ва диққатга сазовор масканлари билан танишиши мумкин. Бу уларга қадим шаҳар меъморчилиги ва маданияти ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш, унинг нозик колоритини ҳис этиш имконини беради, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон музейларига энди дунёнинг исталган нуқтасидан онлайн саёҳат қилиш мумкин!

Бу каби виртуал саёҳатлар шаҳарга кўплаб хорижий сайёҳларни жалб этишга ёрдам беради, туризм инфратузилмаси ва меҳмонхона бизнесини ривожлантиришга хизмат қилади.

Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги янги виртуал карта учун материаллар тайёрлаш ишлари авжида. Ҳозирги кунда Яндекс томонидан шаҳар кўчаларида махсус камералар ёрдамида 360 градус кенгликда панорама суратлари олинмоқда.

«Яндекс.Панорамалар» – бу «Яндекс.Хариталар» лойиҳасининг кенгайтирилган талқинидир. Ушбу сервис кўчалар, бинолар ва шаҳар панорамаларининг уч ўлчамли турларини кўриш имконини беради.

Самарқанд Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, у 2750 йиллик тарихга эга. Шаҳар икки минг йилдан ортиқ давр мобайнида Буюк Ипак йўлида Хитой ва Европа ўртасидаги энг муҳим марказлардан ҳамда Ўрта асрлар шарқидаги илм-фан ва меъморчилик марказларидан бўлган. Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахтига айлантиради. Ушбу азим шаҳардаги асосий диққатга сазовор жойлар – Улуғбек мадрасаси, қатор мақбаралар ва ажойиб Бибихоним масжиди Темурийлар даврига тааллуқли.

ЎҚИНГ: Самарқандда нақ 13 та бепул Wi-Fi ҳудуди бор, уларни биласизми?