Yandex роса кучайди: у Тинкофф банкни сотиб олишни режалаштиряпти

  •   DiMaX
  •  604
  •  24.09.2020 17:34

Yandex роса кучайди: у Тинкофф банкни сотиб олишни режалаштиряпти

Россиянинг энг йирик IT-компанияларидан бўлган «Яндекс» яқин орада Тинкофф банкига эгалик қилувчи TCS Group компаниясини 5,48 миллиард долларга тўлиқ сотиб олиши мумкин. Бу борада компаниялар принципиал равишда келишиб олдилар, деб ёзади Sof.uz нашри.

ЎҚИНГ: «Яндекс.Телемост» видеоқўнғироқ сервиси тақдим этилди – Zoom’нинг энди кераги йўқ!

«Томонлар битим бўйича принципиал равишда келишувга эришдилар, у нақд пул ва акциялар сифатида 5,48 миллиард долларни ёки Тинкоффнинг ҳар бир акциясига $27,64 тўлайди», – дейилади TCS баёнотида.

TCS ўзининг пресс-релизида принципиал равишда келишувга эришилганлигини эълон қилди, маълумот ҳам IT гиганти томонидан тасдиқланди.

Иккала томон ҳам аниқлик киритишича, якуний сотиб олиш шартлари гуруҳни синчковлик билан текширишдан сўнг маълум бўлади. «Яндекс» шунингдек, битим холдинг акциядорлари томонидан тасдиқланиши кераклигини кўрсатди.

TCS Group асосчиси Олег Тинков ўтган йилнинг ёзида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида «Яндекс» асосчиси Аркадий Воложга бизнесларни бирлаштиришни таклиф қилган. Волож ушбу таклифни муҳокама қилишга ваъда берган.

Бир йил ўтгач, 2020 йил июнь ойида компания 2012 йилдан бери қўшма бизнес олиб борган Yandex ва Сбербанк активларни тақсимлаш тўғрисида эълон қилди: Интернет-компания банкнинг Yandex.Market’даги улушини, кредит ташкилоти эса «Яндекс»нинг Yandex.Money’даги улушини сотиб олади.

TCS Group Holding PLC – бу Россиядаги чакана молиявий хизматларнинг онлайн провайдери, гуруҳнинг асосий бойлиги – Тинкофф Банк. Тинковларнинг оилавий трести ҳозирда TCS Group акцияларининг 40,4 фоизига, менежменти эса 6,5 ​​фоизига эгалик қилади. Қолган 53,1 фоиз акциялар эркин муомалада. Тинькофф, 1 август ҳолатига кўра, 767,4 миллиард рубль активлари билан Россия банклари орасида 16-ўринни эгаллади.

Тинкофф банк тўла рақамлаштирилган Россиядаги энг йирик банк саналади.

Банкирлар Телеграм каналининг ёзишича, Ўзбекистон банкларининг 2020 йил 1 август ҳолатига жами капитали йиғиндиси 55 трлн. 364 млрд. сўмни, ёки ўша санадаги курс бўйича тахминан 5,42 млрд. АҚШ долларини ташкил қилади. Яъни, биздаги 30 та банкнинг пулига битта «Тинкофф»ниям сотиб олиб бўлмас экан.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда Yandex хизматларига ягона обуна – Yandex.Plus йўлга қўйилди

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!