Янги фотофлагманлар – Huawei Mate 40 Pro ҳамда Mate Pro+ билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  1277
  •  23.10.2020 14:31

Янги фотофлагманлар – Huawei Mate 40 Pro ҳамда Mate Pro+ билан танишинг!

Хитойлик техногигант Mate 40 туркумидаги флагман смартфонларини тақдим этди. Улар билан танишувни базавий – Huawei Mate 40 моделидан бошлаган эдик, энди навбат унинг Pro-версияларига келди.

ЎҚИНГ: Хитойнинг энг қиммат электроника брендлари эълон қилинди

Компания тақдимотда бу икки смартфон – Huawei Mate 40 Pro ҳамда Mate Pro+ моделларига кўпроқ вақт ажратган ва эътибор қаратган. Уларнинг ҳар иккаласи 6,76 дюймлик OLED-дисплейга эга. Экраннинг тасвир аниқлиги 1344х2772 пикселлик, унда кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик бўлса, сенсор қатлам дискретизацияси 240 герцлик.

Флагманларнинг дисплейи ҳар икки ёнидан 88 даражага қайрилган, шунга қарамасдан, корпуснинг ён қиррасида моддий тугмачалар ҳам сақлаб қолинган. Бармоқ изи сканери, албатта, экраннинг ўзига интеграция қилинган.

Mate 40 Pro ҳам, унинг «плюсли» версияси ҳам IP68 стандарти даражасидан сувдан ҳимояланган корпусга эга.

Одатдагидек, Huawei бу флагманларининг фотоимкониятларига катта эътибор қаратган ва бу борада Leica билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Mate 40 Pro моделида асосий датчик 1/1,28 дюймлик бўлиб, бу (Huawei P40 моделлари билан бир қаторда) ҳозир бозордаги энг йирик оптик сенсор ҳисобланади. Унинг аниқлиги 50 мегапикселгача оширилган, диафрагмаси f/1.9 бўлиб, барча томонларга йўналтирилувчи автофокус ҳамда тасвирни оптик барқарорлаштириш функциялари ҳам сақланиб қолган. Иккинчи – кинематографик камера 20 мегапикселлик модулга ва ўта кенг бурчакли объектив (f/1.8) билан тақдим этилган. Учинчи – 12 мегапикселлик перископ модул 7 карралик зум, f/3.4 диафрагма ва оптик стабилизацияга эга. Буларнинг барига лазерли сенсор ҳам қўшилган.

Huawei Mate Pro+ моделида ҳам асосий датчик ўша – 50 мегапикселлик, лекин унга 20 МПлик ўта кенг бурчакли камера, 8 МПлик перископ, 12 МПлик телефото модули ҳамда ToF-датчик ҳамроҳлик қилади. Натижада мазкур камерофон 17 карралик оптик зумга эга бўлган.

Бош камера сониясига 60 кадрлик тезликда 4K-видео, шунингдек, 1080p аниқлигида сониясига 480 кадрлик секинлаштирилган роликлар суратга олишга қодир.

Mate 40 Pro ҳамда Mate Pro+ олд камералари бир хил: дисплейдаги овал тирқишга ўрнатилган бўлиб, 13 мегапикселлик асосий сенсор ва қўшимчасига чуқурлик датчигини ўз ичига олади. Селфи-камеранинг ўзи ҳам сониясига 60 кадрлик 4K-фидео ҳамда сониясига 240 кадрлик 1080p-видео ёзиб ола билади. Эгасини юзидан таниб смартфон қулфини очишдан ташқари, олд камералар ҳаводан туриб бажарилган кафт ишораларини англашга ҳам ўргатилган.

Шунингдек, флагманларга бир вақтнинг ўзида ҳар иккала – бош ва олд камералар ёрдамида видео ёзиб олиш режимини ҳам қўшишган.

Фотофлагманларнинг «ички дунёси»га келадиган бўлсак, Huawei уларни ўзининг энг янги ва кучли процессори – Kirin 9000 билан таъминлаган. 5 нанометрлик технологик жараён асосида ишлаб чиқилган бу чипсет уч ядроли нейропроцессорни ҳамда Mali-G78 график тезлатгичини ҳам ўз ичига олади. Қуйида Mate 40 Pro ҳамда Pro+ моделларидаги Kirin 9000 чипсетини стандарт Mate 40 флагманида қўлланган Kirin 9000E платформаси билан таққослаб кўрсатишган:

Mate 40 Pro ва унинг «плюсли» талқинида бир хил аккумулятор қўлланган: 4 400 мА/соатлик ток сиғими, 66 ваттлик тезкор ва 50 ваттлик симсиз қувватлаш технологиялари. Шунингдек, уларда реверсив зарядка функцияси бор – бошқа гаджетларга қувват бера олади.

Тезкор/доимий хотираси 8/256 гигабайтлик Huawei Mate 40 Pro смартфони учун 1200 евро миқдорида нарх белгиланган.

Huawei Mate 40 Pro+ флагмани учун эса хитойлик гигант 1400 евро сўраяпти. Унинг хотираси 12/256 гигабайтлик, корпусида керамик материаллар қўлланган бўлиб, фақат оқ ва қора рангларда чиқади.

ЎҚИНГ: Ўттиз тўрт долларлик 5G-смартфонга нима дейсиз?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!