«Янги Интернет ташаббуси» мега танлови эълон қилинди

«Янги Интернет ташаббуси» мега танлови эълон қилинди

Сизда бирор электрон ресурс яратиш ғояси бор, бироқ уни яратиш учун маблағ йўқ. Вақт ўтгани сайин бу ресурсни яратиш иштиёқи ошиб, уни хаёлда пишитиб борасиз. Тасаввур қилинг — сизни лойиҳангизни молиялаштириш манбааси топилди. Ва, бу манбаа сиз яратмоқчи бўлган веб-сайт ёки бирор ресурсни кейинчалик ҳам техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб боради. Зўр имконият шундай эмасми? Ундай бўлса,  «Янги Интернет ташаббуси» танлови айнан сиз кутаётган қулай имконият экан.

Танлов ташаббускори: UZINFOCOM Маркази.

Танлов ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Вазирлиги, Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини (АТК) ривожлантириш Фонди.

Танловнинг асосий мақсади – Интернет тормоғининг миллий сегментини ривожлантириш, фойдали ва янги интернет-манбаалар миқдорини ошириш, янги интернет-манбаалар яратиш борасида барча қизиққан шахслар ва иқтидорли ёшларга сифатли манбааларни ишлаб чиқаришда керакли шароитларни яратиш  имкониятларни тақдим этишдан иборат.

Ким иштирок этиши мумкин: Мазкур Танловда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи, ариза бериш пайтида тўлиқ 18 ёшга тўлган барча жисмоний шахслар, ҳамда ишчи гуруҳлар ва юридик шахслар иштирок этишлари мумкин.

Танлов босқичлари:

1-босқич: Долзарб Лойиҳаларни саралаш – 2016 йил 15 августдан – 2016 йил 15 ноябргача;

2- босқич – Лойиҳа ишлаб чиқарувчиларни танлаб олиш – 2016 йил 15 ноябрдан – 2016 йил 30 декабргача;

3-босқич – Интернет ресурсни ишлаб чиқиш — 2016 йил 15 декабрдан – 2017 йил 15 декабргача;

4-босқич: Ғолиблар томонидан лойиҳаларни информацион ва техник қўллаб-қувватлаши – 2017 йил 1 апрелдан – 2018 йил 30 апрелгача.

Танлов номинациялари: 

  • Маданият ва санъат;
  • Соғлиқни сақлаш;
  • Таълим, шунингдек ёш авлодни тарбиялаш бўйича инновацион ғоялар;
  • Хорижий тилларни ўрганиш;
  • Ўзбекистон ўсимлик ва хайвонот дунёси;
  • Ўзбек тили ва адабиёти
  • Туризм;
  • Спорт;
  • Эркин номинация.

Саралаш босқичида иштирок этиш учун аризаларни 2016 йил 15 ноябрь кунига қадар танловнинг расмий сайти www.yit2016.uz  ёки қуйидаги электрон манзилга юбориш мумкин: [email protected]. Гарчи, сиз техник бўлмасангиз ҳам, веб-сайт ғоясини талабда белгилангани каби, чиройли концепция ҳолатига келтириб, мазкур электрон почтага юборинг. 1-босқичдан ўтган ишлар навбатдаги босқичда техниклар эътиборига ҳавола қилинади. Сизнинг муаллифлик ҳуқуқингиз сақлаб қолинади.

Барча номинациялар буйича ғолиблар ўз лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек ДУК UZINFOCOM Маркази томонидан техник ёрдам оладилар.

Танлов қоидалари ва батафсил маълумотларни http://tanlov.uzinfocom.uz/ расмий сайтидан олиш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!