Янги MacBook Air’га Huawei жавоби – MateBook 13 ноутбуки намойиш қилинди

  •   DiMaX
  •  959
  •  06.11.2018 16:59

Янги MacBook Air’га Huawei жавоби – MateBook 13 ноутбуки намойиш қилинди

30 октябрдаги тақдимотида Apple бир қатор бошқа гаджетлар билан бирга MacBook Air’ни ҳам кўрсатган эди. Бугун эса унга хитойча жавоб беришди – Huawei навбатдаги енгил ва юпқа ноутбукини тақдим этди.

ЎҚИНГ: Apple янгиланган MacBook Air, Mac mini, iPad Pro ва iOS 12.1’ни тақдим этди (+видеолар)

MateBook 13 ноутбуки диагоналига 13 дюймлик IPS-экранга эга. Унинг 2160x1440 пиксел аниқликдаги дисплейи SRGB ранг маконини 100 фоиз қоплаб олган. Экраннинг томонлари ўзаро 3:2 нисбатда бўлиб, панел юзасининг 88 фоизини эгаллаган. Дисплейни ромсиз десак ҳам хато эмас – унинг ён ҳошиялари атиги 4,4 миллиметрлик қалинликда.

Huawei ушбу девайсини Intel Core i5-8265U ҳамда Core i7-8560U процессорлари билан, бир нечта конфигурацияларда тақдим этган. Катта версияларида ўзига ўрнатилган UHD Graphics 620 графикасидан ташқари NVIDIA MX150 русумли алоҳида қўшилган видеокартаси ҳам бор. LPDDR3-2133 турига мансуб тезкор хотираси 8 гигабайтлик, SSD-сақлагичи эса 256 гигабайт ҳажмга эга. Мазкур ноутбукда иккита вентиляторли янгича совитиш тизими қўлланган, у ҳаво айланишини 25 фоизга оширади.

MateBook 13 металл корпусининг қалинлиги атиги 14,9 миллиметрни ташкил этади. Унинг клавиатураси ичкаридан ёритилади, девайсни ёқиш-ўчириш тугмасига бармоқ изи сканери ҳам жойланган. Ноутбук уч хил – кумушранг, кул ранг ва «пушти олтин» рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда.

Бу – компаниянинг Huawei Share 3.0 технологиясини қўллаб-қувватловчи илк ноутбук ҳисобланади. Бу технология хитойлик техногигантнинг NFC модулли смартфонлари билан юқори тезликда маълумот алмашиш имконини беради – у орқали икки сонияда 1000 та фотосурат узатиш мумкин! Айни дамда ноутбукни Mate 20 туркуми флагман смартфонлари билан Huawei Share 3.0 ёрдамида ўзаро «боғлаш» мумкин; яна EMUI 9 операцион тизимига янгиланиши билан бу рўйхат яна кенгаяди.

ЎҚИНГ: Huawei тез орада флагман ноутбукини тақдим этмоқчи

Huawei MateBook 13 автономлиги учун 42 Вт/соатлик аккумулятор масъул. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, унда 10 соатгача видео кўриш, 9.1 соатлик офис ишларини бажариш ёки 7.3 соат интернетда кезиш мумкин. Унда портлар минимум даражагача туширилган: ўнг ёнида USB Type-C, чап томонида эса яна битта USB-C ва аудиогарнитура учун 3.5 миллиметрлик тирқиш. Ноутбукка ўрнатилган стереодинамиклар Dolby Atmos технологиясини қўллаб-қувватлайди. Қурилма улкан тачпадга эга бўлиб, ўзаро файл алмашиш учун смартфон унга ўнг томонидан яқинлаштирилади.

Хитойлик техногигант MateBook 13 моделини декабрдан сотувга чиқаришини айтса-да, нархини маълум қилмаган. Маҳаллий бозорга унинг 720-870 доллар атрофида сотилиши тахмин қилинмоқда.

Huawei тақдимот маросимида бу маҳсулотини янгиланган MacBook Air билан таққослади. MateBook 13 купертиноликларнинг ноутбукидан ихчамроқ – 0.7 миллиметрга юпқа ва умумий ҳажми 6 фоизга кичик. Шу билан бирга, у MacBook Air моделидан кўра кучлироқ техник таъминотга эга. Яъни, Apple ноутбукида кучсизроқ – Amber Lake Y туркумидаги Intel Core i5-8210Y процессори қўлланган бўлса, хитойликларнинг лаптопида тўлақонли Intel Core i5/i7 ишлатилган. MateBook 13 ноутбуки Windows 10 операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.

Бизнинг Terashop.uz интернет-дўконимизда эса нархи 2 099 000 сўмдан бошланувчи турли лаптопларни онлайн харид қилиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Lenovo, ASUS, HP, Acer ва Dell ноутбукларининг Terashop.uz’даги нархлари (2018 йил 23 октябрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул элтиб берилади!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!