Янги мавзулар ёрдамида Windows 10 ташқи қиёфасини ўзгартирамиз

  •   DiMaX
  •  1347
  •  11.05.2017 16:52

Янги мавзулар ёрдамида Windows 10 ташқи қиёфасини ўзгартирамиз

Агарда Windows 10 тизимининг стандарт кўриниши сизни зериктириб қўйган бўлса, бунинг чораси бор. Шунчаки, Windows дўконидаги 170 дан ошиқ турли интерфейс мавзуларидан бирини кўчириб олиб, уни ўзингиз созлаб ҳам қўйишингиз мумкин. Windows Creators Update янгиланишидан кейин бу жараён янада соддалашган.

Мавзу (тема) – тизим товушлари, иш столи учун гулқоғоз (обой)лар, курсор белгичалари, шунингдек, ойналар, вазифалар панели ҳамда тугмачалар рангларининг ўзаро уйғунлашган комбинацияси демакдир. Айрим мавзулар бир нечта обойларни ўз ичига олади ва улар слайд-шоу режимида алмашиб иш столига чиқиб туради.

Windows дўконидан янги мавзуларни кўчириб олиш ва ўрнатиш

  1. Компьютерингиздаги тегишли бўлимни очинг, у қуйидаги манзилда жойлашган: «Параметры» → «Персонализация» → «Темы». Ёки осонроқ йўли: иш столидаги бўш жойга сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертасиз, очилган менюда «Персонализация», сўнг эса «Темы»ни танлайсиз.

  1. Компьютернинг ўзидаги мавзуларни эмас, балки дўкондан бошқа янгисини олиб ўрнатиш учун, «Другие темы в Магазине»ни босинг.
  2. Пештахтасида мавзулар рўйхати билан «Магазин» иловаси очилгач, улар орасидан ўзингизга ёққанини танланг ва кўчириб олинг. Шунда тизим автоматик тарзда уни ўзи ўрнатади.

Ўрнатилган мавзуни фаоллаштириш ва созлаш

  1. Яна юқоридаги тавсияларнинг биринчи бандида айтилганидек, «Параметры» → «Персонализация» → «Темы» манзилига киринг. Ёки иш столида сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертиб, очилган менюда «Персонализация» → «Темы»ни танланг. Шу ерда компьютерда мавжуд бўлган – тизимнинг ўзида ўрнатилган ва кейинчалик сиз кўчириб олган мавзулар акс этади.
  2. Аввалдан ўрнатилган ёки ўзингиз кўчириб олган мавзулардан бирини фаоллаштириш учун, шунчаки унинг устига сичқонча билан чертинг.

  1. Фаоллаштирилган мавзуни, яъни ундаги фон суратини, рангларни, товушларни ва сичқонча курсор кўрсаткичини созлаш учун, тегишлича «Фон», «Цвет», «Звуки», «Курсор мыши» тугмачаларидан фойдаланинг.
  2. Мавзунинг бирор элементига ўзгариш киритган, алмаштирган бўлсангиз, уни сақлашни унутманг.

Созламаларни ёпганингиздан сўнг, операцион тизимнинг янги қиёфаси намоён бўлади.