Янги смарт-соат қон босимини ҳам, қондаги шакар ва алкоголь миқдорини ҳам айта олади!

  •   DiMaX
  •  1019
  •  04.05.2021 10:33

Янги смарт-соат қон босимини ҳам, қондаги шакар ва алкоголь миқдорини ҳам айта олади!

Ақлли соатлар тобора оммалашиб, янгича турлардаги датчиклар билан бойитилиб бормоқда. The Telegraph газетаси 2022 йили тақдим этиладиган Apple Watch Series 8 моделининг айрим янги функцияларини эълон қилди.

ЎҚИНГ: 2020 йилги икки хил Apple Watch ҳам 100 долларгача арзонлашиб сотувга чиқди

Нашрнинг маълум қилишича, Apple келаси йили чиқадиган саккизинчи авлод смартвотчини яратишда Rockley Photonics компаниясини ҳамкорликка танлаган. Бу компания инсон танаси ҳолатининг янги кўрсаткичларини ўлчайдиган янги тур сенсорларни етказиб беради. Rockley Photonics бош директори аввалроқ оммавий баёнот бериб, кишининг артериал қон босимини, қонидаги шакар ва алкогол миқдорини аниқловчи датчиклар 2022 йили тижорат миқёсида чиқишини айтган.

Ҳозирги авлод – Apple Watch Series 6 смарт-соати пульсни, қондаги кслород миқдорини ўлчашга, шунингдек ЭКГнинг соддалаштирилган версиясини ёзиб олишга қодир. Шуларнинг ўзи кишидаги айрим касалликлар авж олиб кетмасидан олдин огоҳлантириш учун етарли.

ЎҚИНГ: Apple Watch’даги янги функция 87 яшар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди

Apple Watch Series 8 моделларида жорий этилиши кутилаётган учта янги кўрсаткич сенсорлари эса саломатликни мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтиради. Улар ёрдамида диабет, гипертония ва бошқа хасталиклар ривожланишининг олдини олиш мумкин бўлади.

Қонда алкоголь миқдорини ўлчаш эса, масалан, кишининг ўта маст эканлигини айтиб, рулга ўтиришдан қайтаришга хизмат қилади. Уни автомобилнинг борт тизимига улаб қўйиб, эгасининг қонида алкогол кўп бўлганида машина ўт олмайдиган қилиб қўйиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, биз аввал турли фитнес-трекерлар, «ақлли» соатлар кишиларни ўлимдан сақлаб қолиши, жиноятларни фош этишда ёрдам бериши, ҳаттоки худкушнинг айёрлигини унинг ўлимидан сўнг аниқлаб бериши каби ҳолатлар ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Қайнонасини ўлдирган келинни Apple Watch фош этди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!