Янги Зеландия террорчиси ўз ҳунарини видеоўйиндан ўрганган

Янги Зеландия террорчиси ўз ҳунарини видеоўйиндан ўрганган

Янги Зеландиянинг Крастчўрч шаҳридаги мудҳиш террорчилик ҳодисаси барчани ларзага солди. Қуролли шахслар масжиддаги эллик нафар мусулмонни отиб ўлдирди.

28 ёшли австралиялик қотил Брентон Таррант камерани тақиб олганча хатти-ҳаракатларини Facebook орқали трансляция қилиб борди (ушбу видеоларни кейинчалик Facebook маъмурияти ўчирди). У трансляция бошида (ўйин стримини олиб борувчи машҳур блогерга қарашли) Pewdiepie каналига муштарий бўлишга даъват қилди. Интернет фойдаланувчилари у ўз ҳаракатларини тушунтирган манифестни ҳам топишди.

Таррант Fortnite ўйини орқали отишни ўрганиб олганини айтган. Этник миллатчиликни эса Spyro 3: Year of the Dragon ўйинидан ўзлаштириб олган. Бу маълумотларни у ҳазилнамо тарзда билдирган.

Таррантнинг видеотрансляцияси “ВКонтанке”, Facebook, Twitter ва YouTube тармоқларида яшин тезлигида тарқалди. Модераторлар мудҳиш тасвирлар туширилган видеоларни ўчиряпти ва тарқатганларни блоклаяпти. Таррант ўз ғояларини ёймоқчи бўлган аккаунтларнинг барчаси тўсиб қўйилган.

Трансляция 16 дақиқага яқин давом этган бўлса-да, совуққонлик билан амалга оширилган қирғин томошабинни ларзага солади. Таррант ўзини худди компьютер ўйинидаги ўқчи каби тутади ва полда чўзилиб ётганларда ҳаёт асари кўринган заҳотиёқ ўқ узади. У бино бўйлаб бемалол ҳаракатланади, ҳатто янги ўқ захирасини олиш учун машинасига ҳам қайтиб боришга улгуради ва қотилликни давом эттиради. Полиция автотураргоҳдаги машинадан бир нечта қўлбола портловчи мосламаларни топиб зарарсизлантирган.

Террорчи бу ҳаракатларини компютер ўқотар ўйини билан боғлашга урингани диққатга моликдир. Отишма ўйинлар инсонни агрессивликка чорлаши масаласи узоқ вақтдан бери руҳиятшунослар, жамиятшунослар ўртасида турли мулоҳазаларга сабаб бўлиб келмоқда. Бир неча йил муқаддам Россия Федерацияси Думаси депутатлари қотиллик акс этган ўйинларни қоралаб, видеоўйинлар сотувини чеклашга чақирган эди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.