Японияда атом бомбасини «қайта портлатгани» учун Xiaomi узр сўради (+видео)

  •   DiMaX
  •  1363
  •  07.05.2020 09:30

Японияда атом бомбасини «қайта портлатгани» учун Xiaomi узр сўради (+видео)

Xiaomi компанияси яқинда Redmi Note 9 туркуми смартфонларини глобал бозор учун тақдим этган. Лекин уларни Японияда илгари суриш мақсадида тайёрлаган реклама ролиги билан хитойликлар «қовун тушириб» қўйишди.

ЎҚИНГ: Redmi Note 9 Pro Global тақдим этилди: Redmi Note 9 Pro Max’нинг халқаро версияси, лекин фарқлари бор (+видео)

Реклама ролигида Redmi Note 9 смартфонларидаги 30 ваттлик тезкор қувватланиш функцияси мақталган. Xiaomi бу лавҳани Япония реклама бозорига хос бўлган «тентакона» услубда тайёрлаган. Лекин бир жойида ошириб юборган: ролик қаҳрамони пуфакдай шишиб кетади, бу «бақалоқ» юқорига кўтарилганича томни ҳам ёриб чиқади, кейин эса у ерда ядро портлаши юз беради.

Мана, уни томоша қиламиз:

Гап шундаки, 1945 йили Нагасаки шаҳрига АҚШ ташлаган атом бомбасининг кодли номи ҳам айнан «бақалоқ» бўлган. Xiaomi реклама ролигидаги бақалоқнинг портлаши эса худди ўша машъум воқеани эслатиб японларни масхара қилганга ўхшаб чиққан.

Натижада Xiaomi япониялик фойдаланувчиларидан Twitter тармоғи орқали оммавий узр сўрашга мажбур бўлган. Мазкур реклама контентида хориж бозори нуқтаи назаридан енгилтаклик бўлувчи лавҳа қўлланганини компания тан олган ва бундан кейин шу каби вазиятлар юзага келмаслиги учун барча чораларни кўришга сўз берган.

ЎҚИНГ: 28 хил Xiaomi ва Redmi смартфонига ҳозироқ «глобал» MIUI 12 прошивкасини юклаб олишингиз мумкин!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!