Яшаш – лаҳзага эгалик қилиш, дегани …

Яшаш – лаҳзага эгалик қилиш, дегани …

Яшаш, бу – лаҳзани ҳис қилиш. Технология эса бунинг воситасидир. 21 март куни 10 ёшга тўлган Twitter айни кунда Facebook билан жиддий рақобатга киришиб, видеоалоқа алмашинуви хизматини такомиллаштиришга диққатини қаратмоқда.

Facebook раҳбари Марк Зукерберг ҳам яқинда Германияда видео орқали алоқа қилиш хизматини такомиллаштириш мазкур ижтимоий тармоқнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаган эди.

Twitter томонидан 2015 йилнинг 26 мартида асос солинган, Android ва iOS қурилмаларда реал вақт режимида видео оқимни  трансляция қилишга ихтисослашган Periscope видео алоқа платформаси ўзига ўхшаш бошқа бир Meerkat хизмати билан рақобатга киришган эди.

2015 йилнинг 28 март куни компания Periscope иловаси орқали 200 миллион тўғридан-тўғри трансляция амалга оширилгани, ҳар куни 110 йилга тенг бўлган видео узатилгани тўғрисида маълум қилди.

Amazon компанияси эса яқинда тақдим этган, видео оқимни олиб узатувчи, асосан геймерларга мўлжалланган Twitch платформаси фаолиятини кенгайтириш устида иш олиб боряпти. Мазкур хизмат видео ўйинларга оид турнирларни ҳам трансляция қилади.

Twitch ҳамда Amazon билан рақобатга киришишга уринаётган Google эса йирик тадбирларни тўғридан-тўғри эфирга узатиш ортидан томошабин тўпламоқда ва яқинда ўзининг видеотрансляция иловасини ишга тушириши кутилмоқда.

Шунингдек, Instagram Spotlights ва Twitter Moments видео узатув хизматлари ҳам SnapChat’нинг Live Stories видео оқим хизматини “таъқиб” қилиш билан банд. Мазкур хизмат эса “Оскар” тақдимоти ҳамда жаҳон крикет чемпионати ўйинларини тўғридан-тўғри узатиш ҳисобига жуда оммалашиб кетди.

Жонли эфир узатиш платформалари мобиль технология орқали намойиш қилишнинг энг тезкор ўсаётган йўналишидир. Боиси у тезкор, кенг қамровли ва холис. Натижада интернет орқали видео оқимни олиб узатиш ёрдамида воқеаларни қандай бўлса, шундай – 3-томоннинг аралашувисиз олиш имкони юзага келди.

Сўнгги йилларда видео узатув иловалари ва мессенжерлар воқеаларни тезкор ёритиш воситасига айланмоқда. Оммавий ахборот воситалари ҳам бундай ҳаваскорлар томонидан олинган лавҳалардан фойдаланмоқда. Чунки унда асл жараён намоён бўлади.

Жараённи тўғридан-тўғри олиб узатиш технологияси татбиқ қилинаётганига 10 йилдан ошди. “Жонли медиа” эса унинг замонавий вориси.

“Жонли медиа” реал вақтдаги жараёнга дахлдор бўлади ва жой ҳамда айни пайтга асосланади, унга бир томоннинг эмас, барча фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаси билдирилади. “Жонли медиа” мобиль медиа, мобиль қурилмалар орқали барча томонидан олиб узатилади.

“Жонли медиа”да воқеани жараённинг иштирокчиси, вазият қурбони, жаҳон лидерлари, машҳурлар ва оддий фуқаролар видео орқали ҳикоя қиладилар.

Ер юзида фойдаланилаётган 2 миллиард дона камерали смартфонлар бир вақтнинг ўзида сайёрамизни кузатиш, холис назар солишга хизмат қилиш мумкин. Бу қурилмалар ва мобиль алоқанинг тўртинчи авлоди – 4G тезкор стандартининг ривожи “жонли медиа” ўсишига хизмат қилмоқда.

Бугунги ёш авлод мобиль қурилмалар қаршисида улғайишмоқда. Яқин йилларда улар компьютер ва интернет браузерлардан, телевизор ва радиодан воз кечиб, батамом мобиль оламга боғланиб қоладилар. Мобиль иловалар уларнинг ахборот олиш, истеъмол қилиш ва тарқатишнинг асосий воситасига айланади.

SnapChat’нинг Live Stories видео алмашинув иловаси тез-тез фойдаланувчилари тарқатган воқеа-ҳодисалардан иборат янгиликларни тайёрлашга одатланган эди. Twitter’нинг “While you were away…” (Сиз йўқлигингизда) хизмати фойдаланувчиларига улар ўтказиб юборган бўлиши мумкин бўлган хабарларни улашиб туради. Ҳозирча жуда ёш бу каби онлайн хизматлар кун келиб такомиллашади.

Интернет фойдаланувчилари видео алмашинув иловаларни маъқул кўрмоқдалар. SnapChat’нинг Live Stories видео алмашинув хизматида ҳам аввалига фотосурат алмашиш мумкин эди. Ҳозирда эса хизматни видео узатув тўлиқ ташкил этади.

Келажакда мазкур видео алмашинув хизматлари ёрдамида тарихий жараёнларни бир умр интернет тармоғига сақлаб қўйиш, улардан ҳужжатли фильмларда фойдаланиш, уларни йўналиш ва мавзулар бўйича саралаб, видео жамланмалар шакллантириш кенг урфга киради.

Юқоридаги интернет ривожланиши тенденциялари шу зайлда ривожланишда давом этса, технологик тараққиёт ҳаётнинг янада “Жонли” бўлиши, лаҳзани ҳис қилиш ва сақлаб қўйиб, ҳақиқатни етказишга хизмат қилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!