Яширин селфи-камерали илк смартфон савдога чиқибоқ рекорд ўрнатди

  •   DiMaX
  •  1420
  •  11.09.2020 06:35

Яширин селфи-камерали илк смартфон савдога чиқибоқ рекорд ўрнатди

Хабарингиз борки, ZTE компанияси яқинда экраности камерали илк тижорий смартфон – Axon 20 5G моделини тақдим этган эди. Лекин унинг ҳали сотувга чиқмасиданоқ тарқалган «жонли» суратлари ҳафсалани пир қилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 Ultra’да яширин камера қандай ишлашини «жонли» видеода томоша қиламиз!

Расмий намойишидан 10 кун ўтиб, бу инқилобий смартфон савдога қўйилди. Махфий селфи-камера технологияси хитойликларни шу қадар қизиқтирган эканки, ZTE Axon 20 5G моделининг биринчи партияси 60 сонияга ҳам етмасдан сотилиб кетди.

Бу ютуқ ҳақида Weibo ижтимоий тармоғи орқали ZTE раҳбари Лу Цяньхао баёнот берган. Унинг таъкидлашича, фақатгина Jingdong онлайн савдо платформасининг ўзидаёқ 100 000 донадан ошиқ олдиндан буюртма расмийлаштирилган экан.

Axon 20 5G’нинг асосий ўзига хослиги – унинг дисплейи остига яширилган «кўринмас» олд камерасидир. Қолган жиҳатларига кўра у оддий ўрта нархли смартфон ҳисобланади: 6,92 дюймлик OLED-дисплей юпқа ромларга эга бўлиб, 90 герцлик кадр янгиланиш частотасига эга.

Бу гаджетнинг «электрон юраги» – Snapdragon 765G мобил платформаси бўлади. Экраности камера аниқлиги 32 мегапикселлик бўлса, корпуснинг орқа панелида 64, 8, 2 ва 2 мегапикселлик сенсорларни ўзида жамлаган квадрокамера мавжуд.

ЎҚИНГ: Яширин кузатув ваҳимасидан буткул халос этувчи смартфон чиқди

Axon 20 5G нархларига келсак, Хитойда уни тезкор/ички хотира ҳажмига кўра қуйидагича сотишяпти:

6/128 гигабайтлиги – $322 (2 198 юань);

8/128 гигабайтлиги – $366 (2 498 юань);

8/256 гигабайтлиги – $410 (2 798 юань).

Шуниси ҳам борки, Xiaomi ундан ҳам аввал экраности камера (ёки яширин камера) қўлланувчи смартфонини «жонли» видеода кўрсатган эди. Компаниянинг ўзи тақдим этган реклама видеосидан ташқари, кейинчалик хитойлик бир техноблогер шу технологияга эга смартфонни ўзи «жонли» тарзда, маркетинг безакларисиз видеога олиб эълон қилган. Унинг қўлида «Хитойча Apple»нинг юбилей суперфлагмани – Xiaomi Mi 10 Ultra моделининг махсус версиясини кўрамиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 Ultra’да яширин камера қандай ишлашини «жонли» видеода томоша қиламиз!

 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.