Йилнинг беқиёс, ҳамёнга мос смартфони — Redmi Note 5 Pro!

Йилнинг беқиёс, ҳамёнга мос смартфони — Redmi Note 5 Pro!

2018 йилнинг 16 мартида Xiaomi компанияси Redmi Note 5 Pro смартфонини расман халқаро бозорда сотувга чиқарди. Девайс Хитой ва Ҳиндистонда 218 АҚШ долларидан (4+64 Гб) бошлаб, 265 АҚШ долларигача (6/64 ГБ) сотилмоқда.

Замонавий ва ҳашамдор ташқи кўриниши, ўз тоифасида ва рақиблари орасида илғор процессорга эга бўлгани, олд камерада фойдаланувчи қиёфаси орқали тизимга кириш функциясининг мавжудлиги, сифатли овоз, айниқса аудио қулоқчинларда яхши товуш узатиш тизими ҳамда бош камерада видео тасвирга олганда барқарорлаштирувчи технологиянинг мавжудлиги унинг бош ютуқлари сирасига киради.

Дизайн борасида узоқ гапириш мумкин. Айниқса, орқа камера кўринишининг iPhone X бош камерасига ўхшатиб ишлангани диққатни тортади. Сифат борасида эса бу айфон қилган ишнинг ярмини уддаласа ҳам бу ҳамёнбоп модел учун айни муддао.

 

Дизайн ҳамда бошқарув

Xiaomi Redmi 5 Plus каби бугунги "қаҳрамонимиз"га ўхшаш смартфонларга диққат қиладиган бўлсак, уларнинг ташқи кўринишида кўплаб умумийликларни кўрамиз. Xiaomi Redmi Note 5 Pro корпуси "инилариники" билан бир хил, фақат ундаги аудио қулоқчин порти панелнинг томига чиққан бўлса, бош камера модули iPhone X флагманидан нусха олган. Дизайн масаласида қолган жиҳатдан қаршимизда "Xiaomi Redmi" туркумининг навбатдаги вакили намоён бўлади.

Ўқинг: Terabayt.uz'да энг кўп изланган 10 та смартфон

Redmi Note 5 Pro бугунги кунда Хитойда ва Осиё бозорларида талаб энг юқори бўлган смартфонлар сирасига киради. Ўрта нархли диапазонга мансуб гаджет экрани замонавий кўринишда – 18:9 стандартли. Уни кафтда тутиб бошқариш аввалги моделлардан анча қулай. Дисплей эса юпқа ромлари билан ўзига мафтун қилади. Орқа панел пластик ва металл уйғунлигида ишланган.

Смартфон кўриниши таассуротли ҳамда ёшларнинг дидига мос. Айниқса 18:9 нисбатли чўзинчоқ дисплей ҳамда экран атрофидаги юпқа ромлар смартфон ҳашамини янада очган. Мазкур моделнинг яна бир ўзига хос ютуғи шундаки экрани устида "ўйиғи" йўқ.

Олд панел — тўлиқ шиша, корпуснинг қолган қисми металлдан ишланган. Xiaomi Redmi Note 5 Pro бир қарашда сифатли ва жуда пишиқ қилиб йиғилганини пайқаш осон. Қўлга олсангиз деталларнинг яхши ўрнашгани, телефоннинг мустаҳкамлигига гувоҳ бўласиз. Уни томоша қилиш асносида биз қўлимизда қиммат флагман турганини ҳис қиламиз.

Бироқ, албатта, Honor 9 Lite модели каби уни кўкларга кўтариш имконсиз. Аммо, Xiaomi Redmi Note 5 Pro экрани бармоқ изига ва доғ-дуғга унчалик ўч эмас.

Дисплей ҳамда овоз

Xiaomi смартфон бозоридаги шамолнинг йўналишини жуда яхши билади. Шу сабабли, Xiaomi Redmi Note 5 Pro модели 5,99 дюймли, IPS-матрицали ҳамда 2160 га 1080 пиксел (FHD+) сиғимли экран билан таъминланган. Экран 2.5D шаклидаги безак ҳамда Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган.

Дисплей ёрқин ҳамда ранглар ўртасидаги қарама-қаршилик, яъни контраст юқори. Аввалги моделлардан фарқли равишда, экран ташқи ёруғлик даражасидан келиб чиқиб, контраст ҳамда тасвир рангининг ҳароратини автоматик равишда ўзгартиради.

Дисплей смартфон нархига нисбатан анча сифатли. Xiaomi Redmi Note 5 Pro дисплейи билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат шуки, у sRGB ранглар стандартини ҳам қўллаб-қувватлайди. Айрим қиммат девайслар ҳам бундай технологияга эга бўлмаган.

Xiaomi Redmi Note 5 Pro дисплейи устида ўтказилган тажрибалар натижаси:

Ёрқинликнинг максимал даражаси (макс./мин.)

503/2 кд/м2

Контраст (қанча юқори = шунча яхши)

1684:1

Рангни қамраш (sRGB) (90-100% — идеал, қанча юқори = шунча ёмон)

91 %

DeltaE (кам бўлса = шунча яхши)

2,76

Гамма (идеал — 2,2)

2,3

Ранг ҳарорати (идеал = 6500K)

8100K

Овоз борасида Xiaomi Redmi Note 5 Pro имкониятлари жуда юқори ва фойдаланувчини хурсанд қилади. Албатта, унда стереодинамиклар йўқ. Фақат корпус қуйисида биргина динамик мавжуд. Ўз нархига нисбатан овозни узатиш истеъдодига тан берасиз. Аудио қулоқчинларда овозни узатиши ҳам диққатга сазовор.

Йирик ва сифатли экрани, қўш сенсорли бош камераси, металл корпуси ва функциялари билан Xiaomi Redmi Note 5 Pro барча рақибларини ортда қолдиради.

Камера

Xiaomi Redmi Note 5 Pro'даги бош камера модулларидан бири учун 12 мегапикселли ва ёруғлик тақсимлайдиган мосламаси f/2.2 стандартли Sony IMX486 сенсори, иккинчиси учун 5 Мп аниқлигидаги (f/2.0) Samsung сенсори танланган.

Xiaomi Redmi 5 Plus (камерафонликда бугунги инжиқ фойдаланувчини у қадар ҳам хурсанд қилмайди) моделидан фарқли равишда, янги моделда бош камера сенсори икки объективли. Шу билан бирга, ўтган йилга мансуб Mi A1 модели билан таққослаганда, Redmi Note 5 Pro камерасининг иккинчи сенсорининг мегапиксели сезиларли даражада кичиклашган. Эҳтимол шу боис бўлса керак Redmi Note 5 Pro модели Mi A1 каби икки карралик яқинлаштириб суратга олмайди. Бироқ, Redmi Note 5 Pro "сунъий ақл" ёрдамида орқа фони ғира-шира қилинган сурат олади. 

Mi A1 ҳамда Redmi Note 5 Pro олган суратларни таққослайдиган бўлсак, очиқ-ойдин бир ҳақиқат аён бўлади -- улардаги камераларнинг имконияти деярли бир хил. Яъни,  Redmi Note 5 Pro бош камерасидан бирор бир "инқилобий" ўзига хослик кутиш – хато. Шу билан бирга, бу камеранинг ёруғлик шароитда олган суратлари интернет тармоғида сизни уялтирмайди.

Селфи камера эса чакки эмас – 20 мегапикселли матрица сиз олмоқчи бўлган автопортретни детал ва рангларга тўйимли қилиб олади. Гарчи, олд камера "20 Мп" деган жарангдор номга эга бўлган бўлса ҳам, айрим шароитда суратда "шовқин" миқдори юқори бўлади. Бунга дастурий таъминот ёрдамида барҳам бериш мумкин. Бироқ ҳаракат қилинса, бадиий ва таассуротил селфилар олиш мумкин.

Xiaomi Redmi Note 5 Pro камерасида видеони дастурий барқарорлаштириш функцияси жорий қилинган. Натижада видео тасвир сифатли чиқади, қўл ўйнаб кетганда ҳам тиниқ сурат чиқади. Бош камера Full HD (30 к/с) видео тасвирга олади.

Қуйида Xiaomi Redmi Note 5 Pro камерасида олинган суратларга баҳо беринг:

Олд камерада олинган селфи:

Суратларни кўздан кечириб айтиш мумкинки, камеранинг ранг-тасвирни қабул қилиш ва ифодалаш кўникмаси нархига нисбатан юқори, суратлар сифатли ва ранг-туснинг муҳрланиши табиий. Камеранинг ёруғлик яхши шароитда олган суратлари, айниқса кўнгилдагидек.

Самардорлик

Xiaomi Redmi Note 5 Pro моделида ўрнатилган Qualcomm Snapdragon 636 процессорида 8 та ҳисоблаш ядролари мавжуд. Уларнинг частота тезлиги 1,8 ГГц.гача етади. Шу билан бирга, мазкур мобил қурилма Adreno 509 видео картаси билан ҳам таъминланган.

XiaomiToday нашри ходимлари томонидан Xiaomi Redmi Note 5 Pro моделининг платформа самарадорлиги таниқли AuTuTu бенчмаркида синовдан ўтказилганида, у 112649 балл тўплашга эришган. Яъни натижаларига кўра, Redmi Note 5 Pro модели Redmi Note 5 ҳамда Redmi Note 3 моделларидан анча кучли бўлиб чиқди. Бироқ, бу модел самарали ишлашда Mi Note 3, Mi 6, Mi 5S ҳамда Mi 5 моделларидан ортда қолди. Бу моделларнинг флагман экани, кучли процессорга эга бўлгани ҳисобга олинса, буни тушуниш мумкин.

Бу йил Qualcomm Snapdragon 636 процессори оммалашди. Мисол учун, ASUS — ZenFone 5 модели ҳам шундай чипга эга. Фақат бу смартфон нархи анча қиммат.

Унинг тезкор хотира сиғими 4/6 гигабайтли ва доимий хотира учун 64 гигабайт жой ажратилган. Смартфон Android 7.1 операцион тизимида ишлайди. Умуман олганда, Note 5 Pro тезкор смартфон ҳамда фойдаланиш чоғида "қотиб қолиш" ёки узилишлар кузатилмайди. Унда "оғир" ўйинларни ҳам маза қилиб ўйнаш мумкин.

Шу билан бирга, X9 LTE мобил модеми алоқа сифати учун жавобгар бўлади. Айтиш керакки, Snapdragon X12 LTE мобил алоқа модеми Xiaomi Redmi Note 5 Pro'даги алоқа сифати учун масъул бўлган инновацион аппарат таъминотидир.

Android One 8.1 Oreo операцион тизимининг моҳирона ўзлаштирилган MIUI 9.5 талқини фойдаланувчи учун кўплаб имконият ва функцияларни таклиф қилади. Xiaomi Redmi Note 5 Pro олд камераси орқали фойдаланувчи қиёфасини текшириб телефонни блокировкадан чиқаради. Бу функциянинг ишлаши аниқ ва тезкор. Ҳамёнбоп модел учун бу кутилмаган жиҳат.

Аккумулятор

Xiaomi одатда Redmi туркумига мансуб смартфонларига йирик сиғимли аккумуляторларни ўрнатади. Xiaomi Redmi Note 5 Pro қувватига жавобга бўлган аккумуляторнинг электр токи сиғими 4000 мА соат ва Quick Charge 2.0 функцияси ёрдамида уни ярим соатда 60 фоизга тўлдириш мумкин. Уни тўлиқ қувватлаб, фаол ишлатганда Note 5 Pro қуввати бир ярим кунга етади. Бу фойдаланувчини хурсанд қиладиган натижа.

Нарх-наво ҳамда рақиблар

Хитойнинг ўзида бу смартфон 218 АҚШ долларидан (4/64 ГБ) бошлаб, 265 АҚШ долларигача (6/64 ГБ) баҳоланган бўлса, бизга етиб келгунча унинг нархи анча кўтарилган эди. Redmi Note 5 Pro модели илк кунларда 2 725 000 сўмдан сотилган бўлса, ҳозирда унинг баҳоси ўртача 2,2 миллион сўмни ташкил қилади.

 

Huawei P20 Lite

Honor 7X

Рақиблари қаторида Huawei P20 Lite, Honor 7X каби гаджетларни айтиш мумкин. Бироқ, уларнинг процессор имконяитлари бир оз пастроқ. Ким учундир бу аҳамиятсиз. Нарх масаласида ҳам рақиблар бир оз қиммат.

Камера борасида ҳам имкониятлар деярли тенг. Олд камера масаласида эса Xiaomi Redmi Note 5 Pro тенгсиз. Аккумулятор масаласида ҳам бу "Сяоми" рақибларини доғда қолдиради.

Хулоса

Xiaomi Redmi Note 5 Pro моделида очиқ-ойдин бирорта камчилик кўзга ташланмайди. Ҳаммаси жузъий камчиликлар. Мисол учун, олд кўриниш бошқа моделларга ўхшаш дизайнда ва бошқалар. Смартфоннинг савдога қўйилган илк партияси, яъни 300 минг донаси 3 дақиқага қолмай сотиб бўлинди. Бу натижа эса Xiaomi тарихидаги тез сотилиш бўйича рекордни янгилади. Бу натижа беҳудага эмас.

Xiaomi Redmi Note 5 Pro модели Snapdragon 636 чипи билан янада ишончли, чиройли корпуси билан жозибадор ҳамда камералари билан диққатга сазовор.

Умуман олганда, Xiaomi Redmi Note 5 Pro аввалги анъаналарга таянган ҳамда бугунги трендларни ўзлаштирган яхши смартфон.

Xiaomi Redmi Note 5 Pro'нинг техник жиҳатлари:

Экран: 5.99 дюймли, FHD+ сиғимли (2160 x 1440 пикселли), IPS матрицали, 2.5D шаклидаги безак ҳамда Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган. Ҳар бир дюймдаги пикселлар сони -- 403 (ppi) та!!!

Процессор: 1.8 Ггц, 64 битли ва 8 ядроли Snapdragon 636; 
Видео карта: Adreno 509;
Тезкор хотира: 4 Гб / 6 Гб;
Доимий хотира: 64 гигабайт ва micro SD орқали 128 гигабайтгача катталаштириш мумкин;
Бош камера: 12 Мп (f/2.2) Sony IMX48 + 5 Мп (f/2.0), LED фоточақноқ;
Селфи камера: 20 мегапикселли (f/2.2) Sony IMX376 сенсори, илғор LED фоточқаноқ;
Операцион тизим: Android 7.1.2 Nougat'нинг MIUI 9 прошивкаси;
Алоқа: WiFi, 3G, LTE w/ VoLTE, Bluetooth 4.2, OTG, GPS, A-GPS, GLONASS, қўш SIM карта (гибрид);
Бошқа жиҳатлари: бармоқ изи сканери, инфра қизил нур;
Корпус ранглари: қора, тилла, пушти тилла, кўк;
Ўлчамлари: 158.6 x 75.45 x 8.05 мм;
Вазни: 181 грамм.

Ўқинг: Nokia X6 "Малика"даги энг яхши ҳамёнбопнинг кушандаси

Хулоса

Дизайн борасида узоқ гапириш мумкин. Айниқса, орқа камера кўринишининг iPhone X бош камерасига ўхшатиб ишлангани диққатни тортади.

8балл

Замонавий ва ҳашамдор ташқи кўриниши, ўз тоифасида ва рақиблари орасида илғор процессорга эга бўлгани, олд камерада фойдаланувчи қиёфаси орқали тизимга кириш функциясининг мавжудлиги, сифатли овоз, айниқса аудио қулоқчинларда яхши товуш узатиш тизими ҳамда бош камерада видео тасвирга олганда барқарорлаштирувчи технологиянинг мавжудлиги унинг бош ютуқлари сирасига киради.

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

  • ташқи кўриниш ва дизайн
  • яхши процессор
  • қиёфа ёрдамида блокировка
  • яхши овоз ва камера
  • сифатли экран

 Камчилиги

  • Ўзбекистонда нарх жуда юқори
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.