Йилнинг энг ҳамёнбоп 3 та смартфонидан энг яхшисини танлаймиз!

Йилнинг энг ҳамёнбоп 3 та смартфонидан энг яхшисини танлаймиз!

2018 йилда бир-биридан қизиқарли смартфон моделларига гувоҳ бўляпмиз. Ҳозирча энг арзон смартфонлар орасида энг мақбуллари сифатида Xiaomi Redmi 5 Plus, Meizu M6S ҳамда Honor 9 Lite моделларини келтириш мумкин. Қуйида уларнинг энг муҳим жиҳатлари хусусида тўхталмоқчимиз.

Ҳар учала моделнинг корпус формаси бир хил бўлса ҳам дизайнига кўра улар бир-биридан фарқли жиҳатларга эга. Смартфонлар корпуси ёнлари ясси ва экран ўлчами, нисбати ҳам бир хил – 18:9 стандартли. Ҳаттоки улардаги бармоқ изи сканерининг жойлашуви ҳам ўхшаш. Фақат Meizu M6s'нинг сканери ён томонга жойлаштирилган.

Honor бренди анъанани бузмаган ва 9 Lite моделидан пишиқ шишани қизғонмасдан, ҳимоя учун уни экран юзасига ётқизган. Натижада смартфон олд панелининг жозибадорлиги ошган. Айниқса, бундай ечим олд панелга диққатли бугунги ёшларнинг эътиборини дарров жалб қилади. Хулоса чиқаришга шошманг.

Мазкур моделнинг рақибларидан фарқи — металлдан тўлиқ воз кечиб, пластик корпусга эга бўлгани. 2018 йилда бундай ёндшувунчалик ҳам тўғри эмас.

Meizu M6s модели эса энг ҳамёнбоп модел ҳам бугунги кунда металл корпусга эга бўлиши кераклигини кўрсатиб турибди — у тўлиқ металл корпусга эга бўлган. Кўпчиликнинг фикрича, у шунинг учун ҳам бир қарашда арзон моделдек таассурот қолдирмайди. Redmi 5 Plus ҳам металл, фақат орқа панелдаги юқори ва паст қисм антенна учун пластикдан ишланган.

Рақибларнинг барчасида экран томонлари 18:9 нисбатли. Нисбатан сифатли IPS матрицага 6 дюймли ва Full HD+ (2160x1080 пикселли) сиғимли Redmi 5 Plus эга бўлган. Бу экрандаги ранглар ҳароратини созлаш ҳам мумкин, шунингдек  ташқи муҳитга кўра авто-ёритиш тизими ҳам кўнгилдагидек ишлайди.

Экран сифати бўйича кейинги ўринда Meizu смартфони туради: IPS матрицанинг ўлчами 5.7 дюймли ва сиғими HD+ (1440 x 720 пикселли). 5.7 дюймли виртуал майдонда тасвирнинг акс этиши ёқимли. m6s моделида пиксел сиғими камроқ бўлса ҳам, матрица сифатли ишлаб чиқарилган, бир қарашда унинг HD эканини пайқаш қийин. Айниқса, тасвирнинг марказ ва ёнларда акс этиши бир хил – яхши.

Honor 9 Lite моделининг IPS-дисплейи эса 5.65 дюймли ва сиғими юқори – FullHD+ (2160x1080 пикселли). Шундай бўлса ҳам, тасвир ранглари ўртасидаги қарама-қаршилик унчалик ҳам юқори эмас. Смартфоннинг ёруғлик билан ишлаш кўникмаси ҳам паст. Экран масаласида бу гал Honor бир оз оқсаган кўринади.

Барча смартфонларнинг муҳим жиҳати бор — "юракчалари". Honor 9 Lite ишлаб чиқарувчининг шахсий чипига эга бўлган  — Kirin 659 чипи 8 ядроли. Ундаги тасвирни қайта ишлашга ARM Mali-T830 MP2 (2 ядроли) видео картаси масъул.

Meizu M6s чипини эса Samsung ишлаб чиқарган — Exynos 7872 процессори 6 ядроли (A53x4+A73x2), график-тасвир учун Mali-G71 x3 видео картаси масъул. Айтиш керакки, биз кўраётган 3 смартфон процессорлари ичида энг кучлиси ана шу ҳисобланади.

Xiaomi Redmi 5 Plus смартфони Snapdragon 625 чипига эга бўлган. Adreno 506 рақиблариникидан кучли ва смартфоннинг қизиб кетишига йўл қўймайди.

Ҳар учала смартфонлар 3 гигабайтли ва LPDDR3 русумидаги тезкор хотирага, 32/64 гигабайтли доимий хотирага эга бўлган.

Графикага бой World Of Tanks ўйинини бу смартфонларда ўйнаб кўрадиган бўлсак, натижа шундай: Honor 9 Lite ҳамда Meizu M6s тасвирни қайта ишлаш ва намойиш қилишда қийналса, Xiaomi Redmi 5 Plus экранида ҳар секундда 50 та кадр узатилади ва тасвир узилишсиз ишлай олади. Шунингдек, Honor 9 Lite кучли чипсетга эга бўлгани туфайли бир вақтнинг ўзида кўплаб дастурлар билан ишлаш имконияти мавжуд.

Кўпчилигимиз узоққа етадиган кучли аккумуляторли смартфонларни орзу қиламиз. Учала смартфон орасида бу борадаги илғори — Redmi 5 Plus. Унинг литий-полимер (Li-Pol) аккумуляторининг ток сиғими 4000 мА соат.

Meizu M6S'нинг батарея сиғими 3000 мА соат ва уни ярим соатда 52% га тўлдириш мумкин.

Honor 9 Lite'нинг аккумулятори 3000 мА соат сиғимли токни жам қилади.

Meizu ва Honor смартфонларининг аккумуляторлари смартфондан фаол фойдаланганда 5 соатга ёки ўртача фойдаланганда 1 кунга етади. Ўйин ўйнаганда эса 10 дақиқада 10 фоиз қувват сарф қилинади, дегани.

Meizu m6s модели Android 7.1 операцион тизимининг Flyme 6.1.3 талқинида, Honor 9 Lite эса Android 8.0'нинг EMUI 8.0 талқинида,  Xiaomi Redmi 5 Plus эса Android 7.1'нинг MIUI 9.0 талқинида фаолият кўрсатади. Бу борада ҳозирча Honor 9 Lite олдинда.

Сўнгги пайтларда смартфонлар бир-бири билан жуда ўхшаш ва энди уларнинг ўзига хос жиҳатларига диққат қилиш керак. Мисол учун, Redmi 5 Plus модели инфра қизил порти билан ажралиб туради.

Meizu M6s эса корпус ёнида жойлашган бармқо изи билан ажралиб туради.

Honor 9 Lite моделининг бош ўзига хослиги — 4 та камераси: олд панелда ва орқа панелда 2 тадан камералар. Бу дегани унда орқа фонни ғира-шира қилиб суратга олиш мумкин. Хулоса чиқаришга шошилманг.

Энг қизиқ жиҳат камера билан боғлиқ. Honor 9 Lite 4 камерали. Бироқ, Xiaomi Redmi 5 Plus янги сенсорга эга бўлгани учун ундан анча яхши сурат олади. Олд камера борасида Redmi 5 Plus ютқазса ҳам, унинг бош камерасида 4K сиғимли видео ёзиш функцияси бор. Рақиблар учун эса бу – орзу!

Пиксел рақамлари борасида Meizu M6s ғолиб бўлса ҳам, сурат сифати бўйича ёмон натижани кўрсатади. Honor смартфони олган суратлар сифати эса ундан ҳам ёмонроқ.

Meizu M6s мусиқа ва овоз узатишда чаққон ва аниқ ҳаракат қилади. Redmi 5 Plus моделида овоз бир оз юқори. Honor 9 Lite эса овоз узатишда бир оз қийналади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳамёнбоп ва сифатли смартфон ишлаб чиқаришда Xiaomi ўрнини йўқотмади. Арзон смартфонлар бозорида унга муносиб рақиб йўқ. Meizu ёки Honor моделлари эса овоз, экран сиғими ёки материал корпуси масаласида оқсайди. Xiaomi Redmi 5 Plus айрим жиҳатда орқада қолса ҳам, аксарият функция ва ўзига хосликлари билан рақибларидан яққол устун.

Нарх ва наво!

Xiaomi Redmi 5 Plus Хитойда $150 АҚШ долларидан (3/32 ГБ талқини) бошлаб, $200 АҚШ долларигача (4/64 ГБ) туради. Айни кунларда бу моделнинг 4/64 ГБ талқинини "Малика"дан 1,300,000 сўмдан харид қилиш мумкин.

Honor 9 Lite сотувга 2017 йилнинг 26 декабрдан бошлаб чиқарилади. Унинг арзон, яъни 3/32 Гб хотирага эга талқини $182, ўрта модификацияси, 4/32 Гб хотирали версияси $228 ҳамда юқори, яъни 4/64 Гб хотира талқинидагиси $273 АҚШ долларидан сотилади.

Meizu M6s смартфони Хитойда 2018 йилнинг 19 январдан сотувга чиқарилди. Унинг 32 ГБ хотирали талқини учун $155, 64 ГБ талқини учун $186 доллар сўралмоқда. 

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!