Ёруғлик диодли чироқлардан тўғри фойдаланишни биласизми?

Ёруғлик диодли чироқлардан тўғри фойдаланишни биласизми?

Ёруғлик диодли чироқлар (ЁДЧ) бошқа лампочкалардан қимматроқ, хусусан, “Ильич лампочкаси”дан бир неча баробар қиммат туради. Бироқ кам энергия истеъмол қилиб, узоқ ёнади. Ҳа, узо-оқ ёнади. Аммо ишлаб чиқарувчилар берган барча кафолатига учманг.

10 йил хизмат қилиши тахминий муддат

Арзонроқ ЁДЧларни ҳам хизмат муддати 10 йил, деб сотишади. Аммо чироқдан кам фойдаланганингиздагина 10 йилга етиши мумкин. Айтайлик, ҳаммом ёки ҳожатхонага қўйинг ва унутинг.

ЁДЧ агар кунига узоғи билан уч соатдан ишласа, ўн йил хизмат қилиши мумкин. Аммо ўтирадиган уйингизда ҳеч қачон уч соат ёқмаслигингиз аниқ (агар чироқ кўп ўчадиган ҳудудларда яшамасангиз).

Бордию қимматли лампочкамизни суткада саккиз соатдан ёқсак, уч ярим йилга етади.

Хизмат муддати минг соат бўлган чўғланма лампочкадан ЁДЧ устунлиги шубҳасиз. Бироқ ЁДЧнинг ишлашига кўплаб омиллар таъсир кўрсатади. Sof.uz бу омилларни санаб ўтади.

ЁДЧларнинг бош муаммоси схемаси ва компонентларидир

Чўғланма лампочканинг ичига қарасангиз, бор механизми кўринади: икки электрод чўғланма толага уланган, бор-йўғи шу. Ток ундан ўтганида қизиб ўзидан нур таратади. Юз йиллик синовдан ўтган содда технология.

ЁДЧ деганлари бироз мураккаб тузилган. Унда резисторлар, индукторлар, конденсаторлар ва нурли диодлар бор.

Нур таратувчи диодлар узоқ ишлаши мумкин, аммо қолган схеманинг компонентлари, айниқса, ёруғлик ростлаб турилганда тез ишдан чиқади.

ЁДЧлар вақт ўтган сари сўниб боради

Чўғланма лампочкалардан фарқли равишда ЁДЧ куйиб қолмайди ва бирданига ишдан чиқмайди. Унинг интенсивлиги тобора камайиб боради. Хизмат муддати тугаган ЁДЧнинг хиралиги сезилади.

Дейлик, лампочка нур оқими 800 люменга тенг бўлса, 10 минг соат ишлагач, 570 люменга тушиши меъёрий кўрсаткич саналади. Максимал кўрсаткичидан 70 фоизга пасайиши унинг ишлатишга яроқсизлигини билдиради.

Юқори ҳарорат лампочканинг умрини қисқартиради

Электрон ускуналар иссиқлик чиқаради. Шунинг учун уларга вентилятор, радиатор ёки бошқача совутиш тизимлари ўрнатилади. Электроникани қизишдан сақлаш лозим. ЁДЧлар ҳам бундан мустасно эмас.

ЁДЧлар ҳам қизиши мумкин, аниқроғи, қўшимча компонентлари қизийди. Уни ясашда иссиқлик ажралиб чиқиши ҳисобга олинган, аммо ёпиқ муҳитга, масалан, қалпоқли тунчироқ ичига жойланса, қизиб кетиб, муҳлатидан олдин ишдан чиқади.

Агар улардан тўғри фойдалансангиз, узоқ хизмат қилади

ЁДЧлардан тўғри фойдаланиш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилинг:

•    Қизиб кетишига йўл қўйманг, тор ва берк муҳитга ўрнатманг. Шамол ўтадиган жойга ўрнатинг.

•    Бир қандилга турли лампочкаларни қўйманг, масалан, ЁДЧ ва чўғланма лампочкалар бир жойда йиғилмасин. Бу ҳам қизишга олиб келади.

•    Керак бўлмаган вақтда ўчиришга одатланинг. Тўғри, улар кам электр тортади, аммо ортиқча чиқим кимга керак?

Манба: Sof.uz

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.