Ёш дастурчи қизлар танловига марҳамат!

  •   DiMaX
  •  312
  •  11.01.2019 12:41

Ёш дастурчи қизлар танловига марҳамат!

Ўзбекистонда «Technovation Uzbekistan» республика танлови ментор ва иштирокчиларини рўйхатга олиш бошланди. Ушбу танлов 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказиладиган «Technovation Challenge» халқаро танловининг саралаш босқичи ҳисобланади, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик «хакер»лар банкоматни 15 дақиқада «бузиб», халқаро танловда учинчи бўлишди

«Technovation Uzbekistan» танлови Ўзбекистон Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури, Тошкентдаги Инҳа университети ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, «Technovation Challenge» халқаро танлови 2010 йилдан буён дунёнинг қарийб 80 мамлакатида ўтказиб келинмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Технологик ишланмалар танлови доирасида қизлар жамоаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Унда иштирокчилар устоз ва мураббийлар раҳбарлигида долзарб муаммони аниқлаши, уни ҳал этиш учун илова яратиши, лойиҳани тижорат жиҳатидан амалга ошириш учун компания тузиши керак бўлади. Ушбу дастурда қатнашиш қизларда танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ва дастурлаш, жамоада ишлаш ва аудитория билан мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистонлик қизлар «Technovation Challenge» халқаро танловида учинчи маротаба иштирок этмоқда. Ўтган йили мамлакатимизнинг «Generation Z» қизлар жамоаси кичик ёш гуруҳи бўйича дунёнинг олтита энг кучли жамоаси қаторига кирди ва танловнинг Калифорния (АҚШ)да бўлиб ўтган финал босқичида мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилди.

Жорий йилда жамоалар икки гуруҳ – 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган ва 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган гуруҳларга бўлинади. Уларга тажрибали мураббийлар бириктирилади ва улар 3 ой мобайнида замонавий дастурий маҳсулотларни дастурлаш ва ишлаб чиқиш кўникмаларини ўрганадилар. Ушбу билимлар қизларга аниқ муаммони ҳал этишга қаратилган мобиль иловаларни яратиш имконини беради. Танловнинг республика босқичи якунида иштирокчилар ўз бизнес-режасини тузиб, ҳайъат аъзолари эътиборига қисқа видео-тақдимот ҳамда лойиҳаларини ҳавола этади. Республика саралаш босқичи ғолиблари «Technovation Challenge» танловининг онлайн-режимида ўтказиладиган ярим финал босқичига йўлланма олади.

Таниқли олим, дастурчи ва бизнесменлардан иборат халқаро ҳайъат аъзолари юзлаб иштирокчиларнинг ишлари билан танишиб, 10 нафар финалистни саралаб олади. Айнан ана шу жамоа танловнинг Сан-Франциско (АҚШ)да бўлиб ўтадиган якуний босқичида иштирок этади.

«Technovation Uzbekistan» танловида иштирок этиш мана бу ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

ЎҚИНГ: Мобиль иловаларни ишлаб чиқиш учун танлов эълон қилинди!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!