Ёшлар ўртасида энг яхши дастурий таъминот ишланмалари учун танлов эълон қилинди

Ёшлар ўртасида энг яхши дастурий таъминот ишланмалари учун танлов эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «UZINFOCOM» компьютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш маркази, “BePro” дастурчилар маркази МЧЖ, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамкорликда дастурий таъминот ишланмалари бўйича танлов эълон қилди.

Танловдан мақсад  дастурий таъминот соҳасида ёш дастурчиларни рағбатлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришдан иборат.

Танлов олий таълим муассасаларининг талабалари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларининг иштирокида ўтказилади. Танловни ёз фаслида, ўқувчи талабалар ўқишдан таътилга чиққан ҳамда кўплаб бўш вақтларга эга бўлиб, уни фойдали ўтказиш мумкин бўлган даврда ўтказилиши алоҳида долзарб аҳамиятга эга. Бундан ташқари, танлов ғолибларини совринли мукофот жамғармаси кутмоқда, бу эса уларнинг келгуси ривожланишларида жуда муҳимдир.

Танловда алоҳида индивидуал шахслар ҳам ва гуруҳли (тўрт кишидан ортиқ бўлмаган) иштирокчилар ҳам қатнашишлари мумкин.

Индивидуал ва гуруҳли иштирокчилар фақат бир номинацияда иштирок эта оладилар (қайта иштирок этиш мумкин эмас).

Танлов 2015 йил 16 май кунидан  19 сентябрга қадар уч босқичда ўтказилади:

1-босқич:  2015 йил 16 май кунидан  26 августгача – иштирокчиларни рўйхатга олиш.

2-босқич: 2015 йил 29 августдан 9 сентябргача – дастлабки саралаш танловлари (финал ғолибларини аниқлаш).

3-босқич: 2015 йил 12 сентябрдан 19 сентябрга қадар – якуний саралаш танловлари (ғолибларни аниқлаш).

Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

“Электрон тижорат йўналишида энг яхши лойиҳа/ишланма”;

“Таълим йўналишида энг яхши лойиҳа/ишланма”;

“Энг яхши компьюетр ва мобиль ўйин”

Ҳар бир номинацияда энг яхши лойиҳа аниқланиб, 10 млн. сўм миқдоридаги соврин билан тақдирланади.

Иштирокчиларни рўйхатга олиш ва ишланмаларни тақдим этиш www.software.uz сайтида онлайн режимида амалга оширилади.

Ишланмалар учун барча муаллифлик ҳуқуқлари ишланма эгаларига тегишли  ҳисобланади. Дастлабки танишувдан ташқари барча тижорат ёки бошқа мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Ишланма ва лойиҳаларни баҳолашда уларнинг долзарблиги, ғоянинг оригиналлиги, технологик ишланманинг афзалликлари, интерфейс ва фойдаланиш қулайлиги, дастурий таъминотдан эркин фойдаланиш, унинг очиқ кодли тизимда яратилганлигига эътибор қаратилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!