YouTube’да қулай томоша учун клавиатура тугмачалари

  •   DiMaX
  •  1055
  •  24.10.2017 18:27

YouTube’да қулай томоша учун клавиатура тугмачалари

YouTube – интернетдаги энг кўп ташриф буюриладиган сайтлардан бири. Аммо ундан қулай тарзда фойдаланишни ҳамма ҳам билавермайди.

Бугун биз компьютер браузери орқали ушбу сайтда видеолавҳаларни томоша қилишни янада қулайлаштирувчи айрим тугмачалар ҳақида маълумот бермоқчимиз.

K – Танаффус/Давом этиш. Фойдаланувчиларнинг кўпчилиги бу функция учун «Пробел» тугмачасини босади. Тўғри, бу усул клавиатурадан «К» тугмачасини излашдан кўра қулайроқ ҳам. Лекин бунинг жиддий салбий томони ҳам бор: баъзан «Пробел» тугмачаси босилганида мутлақо бошқа функция – «Саҳифанинг пастига тушиш» ишлаб кетади. Агарда шунинг ўрнига «К»ни боссангиз, видеолавҳа ижросини тўхтатиб туриш ва давом эттиришдан бошқа ҳеч қандай ҳаракат ишга тушиб кетмайди.

М – Овозсиз қилиш. Агарда турли сабабларга кўра видеороликни овозсиз тарзда томоша қилишга тўғри келиб қолса, сичқонча билан динамик белгичасини излаш шарт эмас. «Овозини ўчириш» – «Mute» буйруғининг амалга оширилиши ва бекор қилиниши учун ушбу сўзнинг бош ҳарфи – «M» жойлашган тугмачани боссангиз кифоя.

F – Тўлиқ экран режими. Бу режимга ўтиш ёки уни бекор қилиш учун сичқонча ёрдамида экраннни икки марта чертиш шарт эмас. Бунинг ўрнига, «F» тугмачасини бир мартагина босиб қўйсангиз ҳам бўлаверади. Тўлиқ экран режимининг одатда «Full Screen» деб аталишини биласиз, албатта – унинг бош ҳарфи жойлашган тугмачани эслаб қолиш осон!

J – Видеони 10 сония орқага қайтариш. Видео кўраётиб, нимагадир чалғидингиз ё бошқа сабаб билан ниманидир ўтказиб юбордингиз, дейлик. Ўша жойини қайтадан кўриш учун сичқончани ушлаб, керакли жойни курсор билан излашнинг асло ҳожати йўқ. Шунчаки, клавиатурадаги «J» тугмачасини босинг – олам гулистон!

«Чапга юриш» тугмачаси – Видеони 5 сония ортга қайтариш. Вақтни қизғаниб ёки бошқа сабабга кўра видеолавҳани 10 сония орқага қайтаришни истамаганлар учун.

L – Видеони 10 сония олдинга ўтказиш. Баъзида фильмнинг суҳбатларсиз жойларини ўтказиб юбориб кўриш керак бўлиб қолади. Шунақа вазиятларда ушбу тугмача сизга ёрдамга келади.

«Ўнгга юриш» тугмачаси – Видеони 5 сония олдинга ўтказиш. Роликни «қисқа-қисқа қадамлар билан» ўтказиб юбориб кўриш учун керак бўлади.

0 (ноль) – Видеони энг бошидан бошлаш. Қайтадан томоша қилиш учун асқотади.

1 дан то 9 гача рақамлар – Лавҳанинг тўққизта қисмидан бирини кўриш. Балки хабарингиз йўқдир – роликнинг узунлигидан қатъи назар, YuoTube ҳар бир видеолавҳани бир хил давомийликдаги тўққизта қисмга бўлиб қўяди. Ушбу қисмлардан исталган бирини томоша қилиш учун тегишли рақамни боссангиз етарли.

Шунингдек, YouTube’ни қулайроқ қилувчи қўшимчалар билан ҳам танишиб қўйишингизни тавсия этамиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!