YouTube фойдаланувчилари норози: Google уни рекламаларга тўлдириб ташламоқчи

  •   DiMaX
  •  509
  •  27.05.2020 11:07

YouTube фойдаланувчилари норози: Google уни рекламаларга тўлдириб ташламоқчи

Google мунтазам тарзда YouTube сервисини янги функциялар билан бойитиб, тўлдириб келади. Аммо видеохостингдаги сўнгги янгиланишлар кўпчилик фойдаланувчиларга ёқмаяпти.

ЎҚИНГ: Коронавирус ҳақидаги қандай видеоларни YouTube тақиқлаган?

Гап шундаки, YouTube’нинг Android-иловаси яқинда янгиланиб, ундан фойдаланиб кўриш имкони айримларга тақдим этилган. Унда амалга оширилган ўзгаришлар туфайли, қидирув тизими буткул бошқача бўлган. Яъни, иловада видеоролик излаганда, энди анъанавий Google қидируви натижалари ҳам акс этади..

Android-қурилмалар эгалари янгиланган YouTube’да бирор сўз бўйича қидирув берганларида, топилган видеороликлар остида шу сўровга мос келувчи ҳаволалар ҳам чиқади. Уларнинг устига босиб, браузердаги ёки Google иловасидаги тўлақонли қидирув натижаларига ўтиш мумкин.

Гарчи бу билан Google фойдаланувчиларга қулайлик яратишни мақсад қилган бўлса-да, юзерлар мазкур ўзгаришни танқидлар билан қабул қилишди. Уларнинг фикрича, қидирув гиганти шу йўл орқали YouTube’ни рекламалар билан янада тўлдириб ташламоқчи.

Google ушбу функцияни барча фойдаланувчилар учун оммавий тақдим этадими ёки йўқми – буниси ҳозирча номаълум. Шу ўринда эслатиб ўтамиз: YouTube сайтида ҳар ким ҳам ўз каналини очиши мумкин ва бунинг энг осон йўли тўғрисида биз батафсил йўриқнома ҳам эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Энди сиз ҳам коронавирус туфайли YouTube’да пул ишлаб олишингиз мумкин!