YouTube’ни қулайроқ қилувчи қўшимчалар

  •   DiMaX
  •  4801
  •  27.03.2017 13:53

YouTube’ни қулайроқ қилувчи қўшимчалар

Дунё бўйлаб энг серташриф сайтлардан бири YouTube бўлса керак, аммо унда намойишни осонлаштирувчи, видеолавҳалар билан қўшимча ишлашга имкон берувчи усуллар ва сервисларни ҳамма ҳам билавермайди. Қуйида шулардан энг муҳимларини келтириб ўтамиз.

Видеодан GIF ясаш

YouTube-роликлар асосида GIF-файллар – ҳаракатли (анимацияланган) суратлар ясаса бўлади. Буни амалга оширувчи турли сервислар бор, энг яхшиларидан бири эса Gifs.com ҳисобланади. У нафақат видеолавҳани ҳаракатли суратга айлантиради, балки уларни турли эффектлар, тагсўзлар ва смайликлар билан безаб ҳам беради.

Видеолавҳани сақлаб олиш

Android қурилмага YouTube видеоларини юклаб олиш йўллари ҳақида аввал ҳам мақола чоп этганмиз. Аммо компьютердан кирганда лавҳаларни сақлаб олишнинг яна бир осонгина йўли ҳам мавжуд. Бунда ролик манзилидаги youtube.com олдидан ss ҳарфларини киритиш лозим, холос. Бу ҳақдаги батафсил мақоламизда бошқа усуллар ҳам баён этилган.

Мусиқали видеодаги қўшиқ матнини топиш

Бирор яхши қўшиқли видеолавҳа учраб қолса, унга қўшилиб куйлагингиз келса-ю, сўзларини билмасангиз… Бундай ҳолларда сизга Chrome браузери учун чиқарилган Musixmatch Lyrics for YouTube кенгайтмаси ёрдамга келади. У керакли қўшиқнинг сўзларини излаб топиб, роликдаги тасвир тепасига субтитр тарзида бериб туради. Нақ онлайн караоке дейсиз!

Роликларни микшерлаш

Баъзида иккита турли роликни ўзаро қўшиб юбориш қизиқ натижа беради. Буни ўзингиз синаб кўрмоқчи бўлсангиз, YouTube Doubler сервиси орқали амалга оширишингиз мумкин.

Видеони алоҳида плеерда томоша қилиш

Opera ҳамда «Яндекс.Браузер»да видеони алоҳида ойнага чиқариб намойиш этиш имкони мавжуд. Агар Chrome браузеридан фойдаланаётган бўлсангиз, унда ҳам шундай томоша қилиш учун Floating for YouTube кенгайтмасини кўчириб олиб ўрнатишингиз мумкин.

YouTube, SoundCloud ва Vimeo учун умумий плей-лист яратиш

YouTube улкан каталогга эга, аммо барибир унда мавжуд бўлмаган нарсалар ҳам бор. Кўпгина мустақил мусиқачилар ўз ёзувларини SoundCloud ёки Vimeo сервисларида эълон қилишни маъқул кўришади. Уларнинг барчасидан бемалол фойдаланишингиз учун эса, сиз Solon сервисига мурожаат этишингиз мумкин. Унинг ёрдамида сиз мана шу учта сервисдаги қўшиқ, клип, роликларни кўриш учун битта умумий плей-лист ярата оласиз.

YouTube’ни ўзингизга мослаб созлаш

Ҳа, YouTube сервисидаги намойишларни ўзингиз истаганингиздек (бутунлай эмас, албатта) қилиб созлаш имкони бор. Бунинг учун сизга Chrome браузери ҳамда Magic Actions for YouTube кенгайтмаси зарур бўлади. У YouTube интерфейсидаги сизни чалғитувчи элементларни яшира олади, шунингдек, мажбурий рекламани кўрмасдан ўтиш, буферлашни бошқариш, сичқонча ғилдиракчаси орқали овозни ўзгартириш ва бошқа кўплаб қўшимча имкониятларни беради.

Видеони автоматик танаффусга қўйиш

Баъзида YouTube жиддий ишлар учун керак бўлади. Масалан, бирор ўргатувчи видеони томоша қилиб, шу билан бирга браузернинг бошқа варақасида қайдлар ёзиб борадиган бўлсангиз, у ҳолда Chrome браузери учун Smart Pause кенгайтмасини ўрнатиб олинг. Энди ҳар гал YouTube кўрилаётган варақани тарк этганингизда, ундаги видео автоматик тарзда танаффус (пауза) режимига ўтиб туради, унга қайтганингизда намойиш давом этади.

Роликни қайта-қайта такрорлаш

Бордию сизга YouTube’даги бирор қўшиқ ёқиб қолса ва уни қайта-қайта тингламоқчи бўлсангиз, YouTurn кенгайтмасини ишга солинг. Сайтда етишмаётган автоматик такрорлаш функциясини мана шу кенгайтма сизга тақдим этади.

Хўш, сиз YouTube’дан фойдаланишда янада қулайлик яратиш учун яна нималарни тавсия этган бўлардингиз?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!