YouTube педофиллар уясига айланди!

  •   DiMaX
  •  2002
  •  23.02.2019 09:04

YouTube педофиллар уясига айланди!

Оммабоп YouTube видеохостингида болалар иштирокидаги лавҳалар ҳам кўплаб жойланган ва улар жуда кўп томоша қилиниб келмоқда. Аммо бунинг ортида манфур иллат – педофилия урчиётгани яқин-яқинларгача кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмаганди.

ЎҚИНГ: Таниқли сиёсатчи оммабоп мессенжерни террорчи ва педофиллар уяси деб атади

YouTube маъмурияти яқинда болалар акс эттирилган видеоларга алоқадор 400 дан ошиқ канални ва ўн миллионлаб изоҳларни ўчириб юборди. Бунга блогер Мэтт Уотсон жиддий муаммони кўтариб чиққани сабаб бўлди. Унинг хавотир билан таъкидлашича, YouTube’да болалар видеолавҳаларига «ўрнашиб» олган педофилларнинг бутун бошли тармоғи мавжуд.

Бу ерда гап болалар рақси, спорт билан шуғулланаётгани ёки бирор нимани ҳикоя қилиб бераётгани тасвирланган видеороликлар ҳақида кетмоқда. Уотсон шундай роликларнинг ақл бовар қилмас даражада кўп кўрилганлиги ва уларга изоҳ ёзувчиларнинг жуда фаоллигини пайқаб қолган. Педофиллар болаларга шилқимлик қилишган, видеолавҳада таналари бирор жойлари очиқ кўринган лаҳзаларига ишора қилишган ва изоҳларда болалар порнографияси мавжуд сайтларга ҳаволалар қолдиришган. Болалар (айрим ҳолларда – педофилларнинг ўзлари) юклаган видеолавҳалар юз минглаб, миллионлаб марта томоша қилинади. YouTube алгоритмлари уларнинг томошабинларига шунга ўхшаш контентни тавсия этади, бу омил эса вазиятни янада чигаллаштиради.

ЎҚИНГ: Болалар порнографияси туфайли Apple бу иловани App Store’дан олиб ташлади

Уотсон тавсифлаб берган муаммога йирик компаниялар, жумладан, Epic Games, Nestle ва Disney кабилар эътибор қаратишди ва YouTube’га ўз рекламаларини беришдан бош тортишди. Grammarly ва Peloton каби компаниялар эса буткул бош тортмасдан, YouTube маъмуриятидан текширув ўтказишни ҳамда педофилия тарқалишига йўл қўймаслик чораларини кўришни сўрашди.

YouTube жамоаси зудлик билан бунга муносабат билдириб, педофилияга ишора қилувчи видеолар ва изоҳларни ўчира бошлади. Шунингдек, сервис маъмурияти тақиқланган контентни тарқатишда ёки болаларга шилқимлик қилишда гумонланаётган аккаунтларни ҳам ўчирмоқда. Очиқдан-очиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширган фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга беришди. Маълум қилинишича, яқин орада YouTube сервисининг ишлаш алгоритмларига ўзгаришлар киритилади ва шунинг эвазига педофилларни блоклаш осонроқ кечади.

Биз эса азиз ўқувчиларимиздан ўз фарзандларининг хавфсизлигига жиддий эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

ЎҚИНГ: Фарзандингиз суратини интернетга жойламанг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!