YouTube титр хизмати 1 миллиард видеони шарҳлашга эришди

YouTube титр хизмати 1 миллиард видеони шарҳлашга эришди

Тасаввур қилинг, эшитишда нуқсони бўлган бирор киши интернетда видео кўриш истагида. Бу вазиятда унга нутқни автоматик аниқлайдиган ва кадр ости ёзувига айлантира оладиган илғор технология ёрдамга келади. Жумладан, 2009 йилда Google компанияси YouTube видео тармоғи учун овозли видеоларни автоматик титрлайдиган хизматни ишга туширган эди. Автоматик тизим инглиз, голланд, француз, немис, итальян, япон, корейс, португал ва рус, испан тилларидаги овозли видеоларни қулоғи оғир ва эшитишда муаммоси бўлган одамларга титр кўринишида таржима қилиб беради.

YouTube жамоасининг хабар беришича, бугунгача тизимда 1 миллиард миқдордаги видео титрлашга муваффақ бўлинган. Бир кунда титрли видеолар кўриш ҳажми 15 миллионтага етган. Бунинг учун махсус кўнгиллилар хизматидан ҳам фойдаланилмоқда.

Google’нинг нутқни автоматик аниқловчи технологияси ҳар доим ҳам видеодаги лаҳжа, нотўғри талаффуз ёки шовқин туфайли видеони кадр ости изоҳлари орқали яхши таржима қилиб бера олмаслиги мумкин.
Google томонидан маълумот берилишича, тобора такомиллашаётган хизматнинг сифати шу кунгача 50 фоизга яхшиланган ва аниқлик даражаси ошиб бормоқда.

Сиз бу хизматдан фойдаланмоқчи бўлсангиз, қуйидаги амалларни бажаринг:

1. YouTube саҳифасининг ўнг томон юқори бурчагида жойлашган шахсий саҳифангизга киринг ва чап томондаги “Ижодий студия” бўлимидаги “Видео менежер”дан “Видео” бўлимини танланг.

2. Бу ерда мавжуд видеоларга субтитр қўшиш учун видеони созлаш бўлимидан “Субтитр” функциясини белгиланг.

3. Агар бирор видеода автоматик титрлаш мавжуд бўлса, мавжуд тиллар хусусидаги маълумот видеонинг ўнг томонидаги “чоп этилган видеолар” бўлимида акс этади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!