Юқори технология қурбонлари: роботлар, смартфонлар, видеоўйинлар

  •   Saroy
  •  1597
  •  27.07.2018 10:28

Юқори технология қурбонлари: роботлар, смартфонлар, видеоўйинлар

Шафқатсиз робот-қотиллар армиясини ҳали ҳеч ким яратганича йўқ, лекин одамлар барибир беозор гаджетлар ва машиналар туфайли қурбон бўлмоқда. Янги технологиялар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез қулоққа чалинади, аммо айбни ҳар доим ҳам сунъий интеллектга ағдариш тўғри бўлармикан?

Темир ҳамкасблар

Йирик фабрикаларда роботлар айби билан тез-тез ҳалокатлар содир бўлиб туради. Шундай ҳодисаларнинг энг биринчиси 1979 йилда юз берди. Форд фабрикаси ишчиси бошига оғирлиги бир тонналик роботдан зарба еди. Бу фалокатга Фабрикада техника хавфсизлиги бўш ташкил қилингани сабаб қилиб кўрсатилди.

1981 йилда Япониянинг Акаси шаҳрида робот уни тузатаётган муҳандисни тош майдалагич машина оғзига итариб юборди. Маълум бўлишича, завод ишчиларининг бири тасодифан робот тумблерига тегиб кетган ва машина ишлаб кетган.

2015 йилда Volkswagen заводида робот-қотилни ясаганларнинг бири бўлган ёш йигит ҳалок бўлди. Қонхўр машина уни ушлаб олиб бор кучи билан металл пластинга улоқтирган. Фожеа сабабчиси сифатида бошқа ишчини айблашди, эмишки, у  машинага ёлғон сигнал берган.

ЎҚИНГ:Сбербанк ходимларнинг бир қисмини роботлар билан алмаштирмоқчи

Ўша йилнинг ўзида Детройтдаги заводда    ақлдан озган робот қандайдир сабаб билан ишчи аёлни ушлаб олиб бошини эзиб ташлади. Шу билан ҳам қаноатланмай, у аёл танасини қисқич орасига жойлаштирмоқчи бўлган.

Бир йилдан кейин шунга ўхшаш фожеа Ajin USA   фабрикасида юз берди. Робот кутилмаганда ишлаб кетди ва 20 ёшли ходимани шундай куч билан итариб юбордики. Қиз эртаси куни ҳаётдан кўз юмди. Барчаси учун фабрика раҳбариятини айблашди: улар гўё техника хавфсизлигига амал қилмаган.

Ҳаммасига селфи сабабчи

Смартфонлар кўплаб фалокатларнинг сабабчисидир. Одам гаджетга озгина эътибор қаратдими  — бум, автоҳалокат! Статистика бўйича смартфондан фойдаланувчи инсонларнинг 43 фоизи бирор нарсага қоқилади ёки деворга урилади. Пиёдалар ҳақидаку айтмаса ҳам бўлади: ҳар йили 1,5 миллион киши смартфонга қарагани ва йўлни мумкин бўлмаган жойдан кесиб ўтиши оқибатида касалхонага тушади.

Йўл транспорт ҳодисаси ҳақида аниқ статистика ҳозирча йўқ, чунки уларни машинани бошқараётганда ҳақиқатан ҳам гаджет чалғитганми ёки бошқа нарса сабаб бўлганми, аниқлаш қийин. Аммо Zendrive мутахассисларининг аниқлашича, 3 миллион  ҳайдовчининг 88 фоизи ҳаракат давомида смартфондан фойдаланади.

Автоҳалокат туфайли қурбон бўлганлар сонини айниқ айтолмаслигимиз мумкин, лекин ўзларини селфи қилиш каби ахмақона қилиқлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сонини аниқ айтса бўлади. Масалан, 2015 йилда акула ҳужуми туфайли  ўлган одамлардан ўзини селфи қилиб ҳалок бўлганлар сони ошиб кетди. Статистика бўйича, 2017 йилда 127 киши ўзини ўзи суратга оламан деб нариги дунёга равона бўлишди, яна қанчаси жароҳат олган, буниси ёлғиз Яратганга аён.

ЎҚИНГ:Сунъий онг: жиловни қўлга олишга ҳали эртами?

Аксарият ҳолларда одамлар ўзларини суратга тушираман деб баландликдан тушиб кетади ёки чўкиб ҳам кетади. Уларни поезд уриб кетади ёки ҳайвонлар ҳужумига дуч келишади, ўқ отар қурол кутилмаганда отилиб кетади. Қуйида ана шулар ҳақида мисоллар келтирилган:

  • Эркак киши корридада буқа билан селфи қиламан деб ҳалок бўлди.
  • Хитойлик сайёҳ бир ярим тонналик морж билан расмга тушаман деганда, морж уни сувга тортиб кетди.
  • Англиялик момоқалдироқ вақтида селфи қилишга уриниб кўрди, яшин селфи-таёқчасига тегиб, унинг ҳаётига нуқта қўйди.
  • Ҳиндистонда етти нафар йигит қайиқда сузиб кетаётганда селфи қилишган. Қайиқ ағдарилиб кетиши натижасида улар ҳалок бўлишди.
  • Бир қиз поезд томида селфига тушмоқчи бўлган ва электр узаткич симга тегиб кетган –оқибати ўлим билан тугади.

Россияда Ангелина Николау деган қиз бор. У энг қўрқинчли жойларда ўзини селфи қилиб бутун дунёга машҳур бўлди. Қиз энг баланд жойларда суратга тушишни ёқтиради. Маслаҳатимиз: бу қизга асло тақлид қилманг, дейилади ушбу хабарда. 

Бошқарувчисиз аппарат васвасаси

2016 йилда америкалик Жошуа Браун  трассада Tesla машинасида ҳайдовчисиз бошқарув тизимини ишга тушириб учиб борар эди. Бир зум бошқа нарса билан чалғиш ҳаётига зомин бўлди. Машина катта йўлда олдинда кетаётган юк машинасини сезмади ва айланиб ўтиш ўрнига тўғри автопоезд тагига кириб кетди. Гап шунда эдики, юк машинаси рангги бўш йўлда очиқ ҳаво рангида экан, сунъий интеллект уни ажрата олмаган. Автомобилнинг томи учиб кетди, бир неча бор думалаб симёғочга бориб урилди. Натижада  Браун йўл транспорти ҳодисаси қурбони бўлди.

Роботехникалар бўйича экспертлар  автомобилларнинг ҳайдовчисиз бошқарув тизими мотоцикл ва велосипедчиларни одам ўрнида кўрмаслиги ҳақида аввал ҳам бир неча бор айтишган. 2016 йилда Tesla Model S бир мотоциклчини босиб кетган ва уни ўлдириб қўйишга бир баҳя қолган. 2017 йилда эса Model X  мотоциклда кетаётган икки нафар полициячини босиб кетди.

Яқиндагина, Аризона штатида рўй берган воқеа: ҳайдовчисиз бошқариладиган Uber такси аёл пиёдани босиб кетди. Подициячиларнинг хулосасига кўра, бу ерда сунъий интеллектнинг айби йўқ, аёлнинг ўзи айбдор, чунки у қўққисдан, мумкин бўлмаган жойда йўлни кесиб ўтган ва ҳайдовчисиз машина  тўхташга улгурмай қолган.

ЎҚИНГ:Сунъий интеллект кийим остига ҳам қарашни ўрганди

Қурол-яроғлар ҳам ўз эгаларини ўлдириши мумкин

2007 йилда ЖАРда ҳарбий машқларда тўққиз нафар маҳаллий аскар ҳалок бўлди. Компьютер билан бошқариладиган автомат зенит қуроли  тусатдан ишдан чиқди. Бошда зенит қуроли гўё ҳаёл сураётгандек жим турганди, кейин кутилмаганда қаторасига  50  та фугасли снарядни яқин орада турган одамларга қарата отди, Одамни аниқлашнинг автоматик тизими ва машинанинг ўзини ўзи ўқлашга қодирлиги аскарларга тирик қолиш учун ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Кейинроқ маълум бўлдики, бу воқеа ягона эмас экан. Бундай зенит қуроллари аввал ҳам бузилиб турган,  фақат уларда одамлар қурбон бўлмаган.

GPS, мени қаёққа бошлаяпсан?

Навигации қурилмаси ҳам камчиликдан ҳоли эмас. 2016 йили Испанияда эр-хотин ҳалок бўлди: Улар машинасида GPS-тизими кўрсатмасига амал қилиб кетарди. Тизим эса уларни дарёдан кечиб ўтишга чорлади. Дарё эса яқинда ёғиб ўтган жала туфайли тўлиб оқарди. Оқибатда дарё автомобилни ўз домига тортиб кетди.

2011 йили  GPS-навигатор бир жуфт йигит  қизни  Лас-Вегас йўлида адаштириб, узоқ дашту биёбонга олиб бориб ташлаган. У ерда машинанинг мотори ўчиб қолган ва қайта ўт олмаган. Иккаласи ҳам мустақил равишда у ердан чиқиб кетолмаган. Қизни икки ой ўтгандан кейин чалажон ҳолда топишди, унинг йўлдоши эса йўлда ҳалок бўлган экан.

ЎҚИНГ:Amazon бошлади: энди навбат топ менежерларга

23 ёшли канадалик аёл GPS бошқарувига ишониб машинасини тўғри кўлга ҳайдаганини билмай қолди.

GPS-навигатор Родриго Диазни  у қидираётган уй томон бошламай бошқа бегона уйга бошлаган. Бечора йигит уйга кираман деганда уй соҳиби таланчи ўғри келди деб, уни отиб ташлаган.

Қассоб жарроҳлар

2015 йилда америкалик бир гуруҳ олимлар кишини ҳавотирга соладиган статистикани эълон қилишди. 13 йил мобайнида жарроҳлик амалиёти вақтида 144 киши ҳалок бўлган, чунки ушбу жарроҳлик амалиётида врачларга роботлар ассистентлик қилган экан.

1391 нафар бемор сунъий врачлар айби билан жароҳат олган, 8061 ҳолатда ушбу кулфат келтирувчи ёрдамчилар ҳаракат жараёнида  шунчаки ўчиб қолган, ёки ишламай қўя қолган.

Албатта, бу вақт мобайнида роботлар иштирок этган жарроҳлик амалиётлар сони ҳам оз эмас — 1,7 миллион марта. Лекин ушбу статистиканинг ўзи ҳам инсон танаси билан боғлиқ ўта нозик тиббий амалиёт борасида сунъий интеллектнинг ҳали унчалик  мукаммал эмаслигини кўрсатади.

ЎҚИНГ:РОБОТЛАР ИСЁНИ – БУ СИЗГА ФАНТАСТИКА ЭМАС

Тиббиёт соҳасида одамларнинг ўлимига ёки жароҳат олишига сабаб бўлган роботлар билан боғлиқ воқеалар орасида қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин: электр  учқун отилиши натижасида  мижоз куйиб қолган, роботнинг майда деталлари инсон танаси ичида қолиб кетган, машина шунчаки, нотўғри ҳаракат қилган. Энг хавфли тиббий амалёт бош ва бўйин билан боғлиқ бўлган амалётлар саналар экан. 

Шунчаки эрмак десангиз қаттиқ адашасиз

Видеоўйинлар ҳам ҳамма ўйлагандек, беозор эрмак эмас экан. Улар ҳам бир неча бор ўз мухлисларининг ҳаётига зомин бўлган ва бу ерда гап фақат аддикцияда ҳам эмас. 2007 йили  28-ёшли Женнифер Стрейнж  конкурсда иштирок этади, Мусобақада ҳеч ёққа қимирламай энг кўп сув ичган иштирокчи ғолиб деб эълон қилинади. Ўйин ташкилотчилари мусобақа ғолибига соврин сифатида Nintendo Wii қурилмасини таклиф этади. Қиз бечора ўйин приставкасини олишни шунчалик орзу қилган эканки, натижада 7,5 литр сувни ичади ва сув интоксикациясидан вафот этади.

2005 йили Жанубий Кореялик ўсмирни интернет-кафеда жонсиз ҳолатда топишди. Маълум бўлишича, у тўхтамасдан 50 соат StarCraft, ўйнаган экан, ҳатто ухламаган ҳам, тамадди  ҳам қилмаган. Тайванлик 18 ёшли йигит ҳам тўхтамасдан 40 соат давомида видеоўйин ўйнаган.

Буларнинг барчаси юқори технология маҳсулотлари инсонлар учун шунчаки эрмак эмаслигини,  уларга жиддий ҳамда эҳтиёткорроқ бўлиб муносабатда бўлишимиз кераклигини эслатиб туриши керак.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!