Юртимизнинг чекка ҳудудларида Q-Box мосламалари ўрнатилмоқда

  •   DiMaX
  •  811
  •  22.03.2019 16:45

Юртимизнинг чекка ҳудудларида Q-Box мосламалари ўрнатилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари жорий йилнинг 11–20 март кунлари Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидаги умумий ўрта таълим муассасаларига Q-Box мосламалари ўрнатдилар. Бу тўғрида вазирликнинг расмий сайти хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Халқ таълими вазирлиги: "Facebook'даги пост бўйича жиноий иш очилди"

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг моҳияти ёшларнинг иқтидорини намоён этиш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, билимини оширишдир. Компьютер технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда китоб мутолаа қилиш, дарсларга дастурдан ташқари манбалар ёрдамида тайёрланиш, турли муаммоларга мустақил жавоб топиш, турли синфга доир дарсликларни ўқиш имкониятига эга бўлиш ёшларнинг кундалик талабига айланган.

Республикамизнинг узоқ ҳудудларидаги ёшларни ҳам шу имкониятлардан фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари жорий йилнинг 11–20 март кунлари Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидаги умумий ўрта таълим муассасаларига Q-Box мосламалари ўрнатдилар. Мазкур мослама республикамизнинг чекка ҳудудларидаги мактаблар, коллежлар ОТМлар ва бошқа таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчи ҳамда талабаларга Wi-Fi тизими шаклида таълим дастурларини ва маълумотлар базасини ўз ичига олган улкан контентдир. Унга компьютер, смартфон, планшет, ноутбук орқали худди Wi-Fi ускунасига улангандек кириб, ўзи истаган ресурслардан фойдаланиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, интернетга уланмасдан туриб, айнан ушбу тармоқ бера оладиган маълумотларга эгалик қилиш имкониятини тақдим этади.

Қашқадарё (5та), Навоий (6та), Бухоро (5та), Хоразм (5та), Самарқанд (5та) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасининг (6та) чекка ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларига, шунингдек Самарқанд давлат чет тиллари институти, Самарқанд ветеринария тиббиёт институтига Q-Box мосламалари ўрнатилди ва улардан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

– Q-Box мосламаси биз сингари чекка ҳудудларда жойлашган мактабларда ўрнатилиши жуда муҳим, – дейди Хоразм вилояти Боғот туманидаги 15-сонли умумтаълим мактаби директори Илҳом Аҳмедов. – Авваллари биз босма ҳолатда топиш қийин бўлган адабиётларни электрон шаклини юклаш учун интернет-кафеларга бориб ишлашимизга тўғри келарди. Мактабимизга ўрнатилган Q-Box мосламасида эса Президент асарларидан то мумтоз адабиётгача барча дурдона асарлар базаси бир мосламага жамланган бўлиб, бизнинг ўқувчиларимиз ҳам энди тасдиқланган, текширилган ва миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан хавфсиз бўлган ресурслардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.

Хабарга кўра, ўтган йилнинг охирида 20 та Q-Box мосламаси Сурхондарё вилоятининг чекка ҳудудларидаги мактабларга ўрнатилган эди.

ЎҚИНГ: Инновацион ривожланиш вазирлиги нималарни қойиллатди? Ҳаммасига жавоб берди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!