Замон билан ҳамнафас – LG ҳам минималистикани ўзлаштирди

Замон билан ҳамнафас – LG ҳам минималистикани ўзлаштирди

Сўнгги йилларда дунё бўйлаб катта-катта компаниялар ўз имижларини замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда минималистик кўринишга ўзгартиришмоқда ва уларнинг энг сўнггиларидан бири кўпчиликка ўзининг юқори сифатли телевизорлари билан танилган LG бренди бўлди. Жанубий Корея компанияси 9 йилдан сўнг ўзининг янги логотипини тақдим қилди.

LG компаниясининг янги логотипи аввалгисининг янада минималлаштирилган варианти бўлиб, ундан юмалоқ шакл олиб ташланган ва у энди текисроқ кўринади. Қолаверса, логотип орқа фони "LG Active Red" деб номланадиган оч қизил рангга бўялганлигини билан кўпроқ эътибор тортади. Ўзининг "динамик ва ёш кўриниш"га эга янги логотипи билан LG эндиликда дунё бўйлаб барча харидорлар, хусусан, Z авлод томонидан севилишни хоҳлайди.

LG компаниясининг эски (ўнгда) ва янги (чапда) логотиплари

"Кучли, изчил бренд стратегиясига эга бўлиш бизга инновациялар ва илиқликни уйғунлаштирган сифат ва ноёб идентификациямизни яхшироқ етказиб бериш имконини беради", дейди LG Electronics бош директори Уилям Чо. "Янги бренд стратегиясини амалга оширар экан, LG авлодлар ва ҳудудлар оша ўз истеъмолчилари билан акс-садо берадиган машҳур брендга айланишни мақсад қилган".

Шунингдек, рақамли майдонда LG янги логотипи жонланади ёхуд бренд символи ҳисобланмиш "L" ва "G" ҳарфлари энди бош ирғаш, айланиш ва кўзни қисиш каби саккиз хил ҳаракатларни амалга ошира олади. Компаниянинг таъкидлашича, бундай янги имкониятлар билан бренд белгиси мижозларни дўстона табассум ила кутиб олиши мумкин.

LG логотипи сизга кўзини қиса олади

Компания, шунингдек, ўзининг Life's Good бренд шиори учун янги шрифт ишлаб чиққан ва ундан маҳсулот қадоқлашда бренд активи сифатида кенг фойдаланилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!