Zeiss оптикали ва Snapdragon 888 чипли Vivo X60 Pro+ чиқди: мобил фотография тахтига янги даъвогар!

  •   DiMaX
  •  1247
  •  22.01.2021 10:12

Zeiss оптикали ва Snapdragon 888 чипли Vivo X60 Pro+ чиқди: мобил фотография тахтига янги даъвогар!

Vivo компанияси ўтган йилнинг декабрида ўзининг Vivo X60 ва X60 Pro камерофонларини намойиш қилган эди. Энди эса уларнинг янада илғор версияси – Vivo X60 Pro+ флагмани ҳам тақдим этилди.

ЎҚИНГ: Exynos 1080 чипли, Zeiss оптикали ва OriginOS тизимли илк камерофон: тақдимот куни ва анбоксинг видеоси!

Олдинги иккита смартфон Samsung компанияси Exynos 1080 русумли мобил чипсети базасида тайёрланган бўлса, буниси Qualcomm флагмани – Snapdragon 888 процессорига эга. Vivo X60 Pro+ камерофонининг яна бир кучли жиҳати эса камерасида нуфузли Zeiss оптикаси қўлланганидир.

Бош камерада асосий тарзида Samsung ISOCELL GN1 модули танланган – унинг аниқлиги 50 мегапикселлик, ўлчами эса 1/1,3 дюймлик. Диафрагмаси f/1,57 бўлган ушбу сенсор тасвирни оптик барқарорлаштириш тизимига эга.

Иккинчи – 48 мегапикселлик Sony IMX598 модули эса ўта кенг бурчакли объектив билан қўлланган. Унга тўртта ўқли стабилизатор (Big Eye тизими) жорий этилган. Учинчиси 8 мегапикселлик перископ камера бўлиб, 5 карралик оптик зум билан таъминланган. Ва ниҳоят, квадрокамера жамланмасига телеобъективли, 32 мегапикселлик портрет модули ҳам киритилган. Vivo X60 Pro+ бунақа камералар ва технологиялар билан мобил фотография қироли бўлишга бемалол даъвогарлик қилади, лекин бу борада DxOMark лабораториясининг холис тести натижасини кутамиз.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг зўр тўртта камерофони (DxOMark рейтинги)

Vivo X60 Pro+ смартфони 6,56 дюймлик, четлари қайрилма AMOLED-экранга эга, унда тасвир аниқлиги 1080p+ форматида (2376x1080 пикселлик). Дисплейда кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик бўлса, сенсор қатламининг дискретизация частотаси 240 герцлик. Ёрқинлиги 1300 нит бўлган дисплей HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди; унинг тирқишига 32 мегапикселлик селфи-камера ўрнатилган.

Камерофоннинг 4200 мА/соатлик аккумулятори 55 ваттлик тезкор қувватлана олади, лекин симсиз зарядлаш технологияси қўшилмаган. Компания уни энг сўнгги тезкор ва доимий (тегишлича LPDDR5 ҳамда UFS 3.1 стандартли) хотира чиплари билан таъминлаган.

Vivo X60 Pro+ икки хил – Phantom Blue ҳамда Classic Orange рангли корпусларда таклиф этади; ҳар иккаласида орқа панел чармга ўхшаш материалдан ишланган.

Ишлаб чиқарувчи аллақачон Vivo X60 Pro Plus учун олдиндан буюртма олишни бошлаган, очиқ савдога эса уни 30 январдан чиқаришади. Хитойда бу фотофлагманнинг 8/128 гигабайтлигини 774 доллар, 12/256 гигабайтлигини эса 928 долларга баҳолашган. Унинг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Энг равон ишловчи смартфонлар (Master Lu рейтинги, 2020 йил)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.