Zoom ишлатасиз-а? NASA ва Илон Маск эса уни тақиқлаган!

  •   DiMaX
  •  946
  •  07.04.2020 10:46

Zoom ишлатасиз-а? NASA ва Илон Маск эса уни тақиқлаган!

Бугунги кунда коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда кўпчилик масофадан ишлашга ўтган. Бунда эса видеоконференция хизматини таклиф этувчи онлайн сервислар ёрдами катта бўляпти.

ЎҚИНГ: Уйда туриб ишлаш учун 7 сервис

Ҳамма жойда бўлгани каби, Ўзбекистонда улардан энг оммалашгани Zoom сервиси ҳисобланади. Лекин куни кеча аниқланишича, унда фойдаланувчилар хавфсизлиги ва маълумотларининг махфийлиги билан боғлиқ муаммо мавжуд экан.

Disconnect компаниясининг техник директори Патрик Жексон (Patrick Jackson) маълум қилишича, Zoom орқали қилинган видеомулоқотлардан камида 15 мингтасининг ёзувлари интернетга чиқиб кетган. Булар – онлайн дарслар, терапия сеанслари, кичик бизнес вакилларининг учрашувлари ва ҳатто оддий фойдаланувчиларнинг шахсий суҳбатлари акс этган видеоёзувлардир. Афтидан, улар видеомулоқот иштирокчиларининг ўзлари томонидан ёзиб олинган ва «булутли» сақлагичда ҳеч бир паролсиз сақланган.

Бундан ташқари, Zoombombing деган тушунча пайдо бўлган; бу – бегона бировнинг видеоконференцияга қўшилиб олишидир. Табиийки, иш юзасидан ёки шахсий видеосуҳбатингизга умуман нотаниш бирортаси қўшилиши сизга ҳам ёқмайди.

Айнан шу каби сабабларга кўра Илон Маск ўзининг SpaceX компанияси ходимларига Zoom сервисидан фойдаланишни тақиқлаб қўйган. Нафақат у, балки АҚШнинг Аэронавтика ва космик маконни ўрганиш миллий бошқармаси – NASA ҳам бу иловадан воз кечган.

ЎҚИНГ: Карантин даврида бу иловалар бир ярим бараварга оммалашди!

Zoom Video Communication Inc. асосчиси ва ижрочи директори Эрик Юань ҳам сервисдаги мазкур хатоликни тан олган. Унинг сўзларига кўра, компания кейинги пайтларда фойдаланувчилар оқими кучайганлиги сабабли, узлуксиз хизмат кўрсатиш ва қулай интерфейс тақдим этишга бор кучини йўналтирган. «Лекин биз махфийлик ва хавфсизлик бўйича ишончни оқлай олмадик», дейди Эрик Юань.

Мазкур сервис аллақачон видеоконференциялар ишттирокчилари хавфсизлигини таъминлаш учун камчиликларни бартараф этишга киришган. Аввало, Zoom’да энди «кутиш хонаси» функцияси қўшилган – токи сеанс соҳиби рухсат бермагунича, видеомулоқотга янги қўшилмоқчи бўлган иштирокчилар ўша ерга тушади. Қолаверса, йиғилишлар ва вебинарлар иштирокчилари учун кириш пароли жорий этилган. Бу эса Zoom орқали бўлаётган видеоконференцияларга бегоналар кириб келишининг олдини олади.

Шу сабабли, агарда Zoom ишлатаётган бўлсангиз, иловани янгилаб олишни тавсия этамиз. Унинг iOS учун мана бу, Android учун эса мана бу ҳаволалар орқали юклаб олиш, шунингдек, сайтидан фойдаланиш мумкин.

Дарвоқе, ҳали ўтган йилнинг декабрь ойиидагина кунига 10 миллионтача киши Zoom ишлатган бўлса, бу йилнинг 1 апрелига келиб мазкур сервиснинг кунлик аудиторияси 200 миллионга етган!

ЎҚИНГ: Антиқа рейтинг: коронавирусдан ким кўпроқ даромад кўрди?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.