Zoom’нинг энди кераги йўқ: Facebook’нинг бепул Messenger Rooms сервисини қарши олинг! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1721
  •  27.04.2020 13:43

Zoom’нинг энди кераги йўқ: Facebook’нинг бепул Messenger Rooms сервисини қарши олинг! (+видео)

Facebook компанияси ўзининг янги дастурий таъминот маҳсулоти – Messenger Rooms сервисини тақдим этди. Бу – ҳозирда коронавирус пандемияси шароитида ўз-ўзини яккалаш режими туфайли оммалашган Zoom сервисининг рақобатчисидир.

ЎҚИНГ: Zoom ишлатасиз-а? NASA ва Илон Маск эса уни тақиқлаган!

Тўғри, шу пайтгача Facebook Messenger иловасида ҳам видеочат функцияси мавжуд эди, аммо унда гуруҳли видеоқўнғироққа қўшиладиган кишилар сони чекланган ва улар албатта Facebook профили орқали киришлари шарт. Messenger Rooms сервисида эса эркинлик бор: нақ 50 нафаргача киши иштирокида видеочат уюштириш мумкин.

Messenger Rooms чатларидан фойдаланиш учун кишидан Facebook аккаунти бўлиши ҳам талаб этилмайди: чатхона ташкилотчиси конференция ҳаволасини исталган усулда бошқаларга жўнатади, у орқали хоҳлаган киши видеосуҳбатга қўшилиб кетаверади. Лекин Facebook профили орқали кирганлар тўлдирилган борлиқ эффектлардан, қўшимча функциялардан фойдалана оладилар. Zoom’дан фарқли равишда, Messenger Rooms конференцияси вақт бўйича ҳам чекланмайди.

ЎҚИНГ: Еврокомиссия: «Смартфонингиздан бу учта иловани тезда ўчириб ташланг!»

Messenger Rooms’да видеоқўнғироқ ташкилотчиси истаса чатхонани блоклаб қўя олади; шундай қилмаса, ҳаволани одамлар бир-бирига юбориши, у орқали учинчи шахслар ҳам чатга қўшилиб кетавериши мумкин бўлади. Видеосуҳбат ташкилотчиси исталган пайт қатнашчилардан бирини чатдан чиқариши мумкин; шунингдек, иштирокчилар ўз хоҳишларига кўра чиқиб кетсалар ҳам бўлаверади.

Компаниянинг маълум қилишича, Messenger Rooms шу ҳафтада айрим мамлакатларда ишга тушади, кейин – яқин ҳафталар ичида эса бутун дунёга тарқалади.

ЎҚИНГ: «Бу иловадан фойдаланиш хавфли!» – Telegram асосчиси яна чиқиш қилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.