ZTE бармоқ изи сканери ён томонида жойлашган смартфонни тақдим этди

ZTE бармоқ изи сканери ён томонида жойлашган смартфонни тақдим этди

Хитойнинг ZTE компанияси Androida 6.0 Marshmallow операцион тизими ўрнатилган V7 Max моделини тақдим этиб, смартфонлар ассортиментини кенгайтирди.

Ускуна “юраги” вазифасини MediaTek томонидан ишлаб чиқилган бир кристалли Helio P10 тизими бажаради. Мазкур чип ўзида 64 бит, 1,8 ГГЦ гача частотали саккизта ARM Cortex-A53 ядроси, шунингдек, 700 МГц частотали ARM Mali-T860 график контроллерни мужассамлаштирган. Бундан ташқари, процессор таркибидан LTE диапазонларидаги барча асосий частоталарни қўллаб-қувватлайдиган модем ҳам жой олган.

Янги смартфон 1920 × 1080 нуқта (Full HD) сиғимли 5,5 дюймли 2.5D дисплейига эга бўлди. 16 мегапикселли асосий камера ёруғлик диодли чақноқ ва фазавий автофокус билан таъминланган. Смартфоннинг олд қисмида эса 8 мегапикселли камера мавжуд.

Қурилма 3 ва 4 Гбайт тезкор хотирали икки хил талқинда таклиф этилади. Ҳар иккисида ҳам бир хил — 32 Гбайт ҳажмга эга флеш-модул жойлаштирилган. Унга 128 Гбайтгача сиғимли microSD карталарини ўрнатиш имконияти мавжуд.

Корпуснинг ён томонида фойдаланувчи шахсини бармоқ излари орқали идентификация қилиш учун ўрнатилган дактилоскопик сенсорни кўриш мумкин. Шунингдек, анъанавий тарзда Wi-Fi, Bluetooth ва GPS модуллари ҳам киритилган. Электр таъминоти 3000 мАсоат сиғимли батарея орқали амалга оширилади. Ускуна симметрик USB Type-C портига эга.

ZTE V7 Max смартфонининг 3 Гбайт тезкор хотирага эга талқини 280 доллардан таклиф этилса, 4 Гбайтли модификациясини 310 доллардан сотиб олиш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!