ZTE’дан жиддий флагман: Nubia Z17 тақдим қилинди

ZTE’дан жиддий флагман: Nubia Z17 тақдим қилинди

Гарчи, ZTE смартфонсозликда лидер бўлмаса ҳам, сўнгги телефонлари билан кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Узоқ давом этган гап-сўзлар, тахминлардан сўнг, ниҳоят Nubia Z17 флагмани 1 июн куни расман тақдим қилинди. Бу гаджет энди Xiaomi Mi6 ва OnePlus 5 каби рақиблари билан тенгма-тенг кураш олиб боради. Металл ва шиша уйғунлигидаги смартфонда сўнгги мобил технологиялар жорий қилинган.

Жиҳатларига кўра, Nubia Z17 бу — флагман. 5,5 дюймли Full HD (1920х1080 пиксел) сиғимли ва Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган экран, айниқса кучли 8 ядроли Snapdragon 835 процессори ҳамда илғор Adreno 540 видеокартаси билан у пешқадам ва байроқдор смартфонга айланади.

Дизайнига кўра, у Z11 смартфонига ўхшаб кетади, яъни ромсиз ва 2.5D эффектли шиша қопланган экрани хурсанд қилади. Аммо фарқлари ҳам бор. Энг муҳим фарқли жиҳат — орқа панелнинг чап юқори қисмидан ўрин эгаллаган 2 объективли бош камерадир.

Бош Home тугмаси виртуал кўринишда бўлиб, унинг марказига қизил рангдаги ҳалқа рамзи туширилган. Смартфоннинг бармоқ излари сканери орқа панелдан ўрни эгаллаган. Яна бир муҳим янгилик — корпус анъанавий 3,5 мм.ли аудио-қулоқчин туйнугидан маҳрум бўлган. Корпус чанг ва сув таъсиридан ҳимояланган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Девайсга компания 6 ёки 8 ГБ талқиндаги тезкор хотира ва 64 ёки 128 гигабайт сиғимига эга доимий хотира ўрнатган. Маълум қилинишича, хотира учун илғор ва тезкор UFS 2.1 чипларидан фойдаланилган.

Ишлаб чиқарувчи камераларга ҳам алоҳида диққат қилган. Унинг бош камераси учун бири 23, бошқаси 12 Мп бўлган 2 та 6 линзали камера ўрнатилган. Уларнинг апертура кенглиги f/1.8’га тенг. Бош камера икки карралик оптик, 10 карралик рақамли катталаштириш функцияларига эга бўлган. ZTE’нинг маълум қилишича, камерадаги фокуслаш бор-йўғи 0,03 сонияда ишга тушар экан.

Камера учун фирманинг махсус иловаси ишлаб чиқилган. Ундаги NeoVision 7.0 ҳамда Portrait Mode 2.0 режимлари камера имкониятларини тўлиқ очиб беради. Шунингдек, Nubia Z17 апертура линзаси f/2.0 бўлган 16 Мп сиғимли, 80 градус остида сурат олувчи олд камераси билан ҳам ўзига хос.

Яна нима? Яхши жиҳатлар ҳали давом этади. Электр токи сиғими 3200 мА соат бўлган аккумулятор 25 минутда қувватини 50% га тўлдириб олади. USB Type-C универсал порти ҳам қувватлаш, ҳам маълумот алмашиш ва мусиқа тинглашда қўл келади.

Nubia Z17 гаджети алоқанинг барча замонавий тармоқлари, жумладан 2 диапазонли Wi-Fi, Bluetooth 4.1 стандартларини ҳам қўллаб-қувватлайди. Смартфонда яқин масофада тўловларни симсиз амалга ошириш имконини берувчи NFC технологияси чипи ҳам ўрнатилган. Девайс Android 7.1’нинг Nubia UI 5.0 талқини бошқарувида ишлайди.

Нарх-наво
Ўлчамлари: 152,6×72,38х7,6 мм., вазни: 173 грамм. Қисқасини айтганганда, Nubia Z17 — идеал флагман. Унинг нархи эса, қуйидагича:

6 + 64 ГБ талқини $411, 6 + 128 ГБ талқини $500, 8 + 128 ГБ талқини $587 АҚШ доллардан сотувга чиқарилади. Унга онлайн буюртма бериш бошланган. Сотув эса 6 июндан онлайн дўконларда бошланади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!