ZTE қўш экранли горизонтал «раскладушка» тайёрлаяпти

  •   DiMaX
  •  1390
  •  06.09.2017 15:01

ZTE қўш экранли горизонтал «раскладушка» тайёрлаяпти

Хитойнинг ZTE компанияси АҚШнинг AT&T алоқа оператори билан ҳамкорликда умуман ўзгача дизайнга эга смартфон устида ишламоқда. Бу ҳақда VentureBeat нашрига ўзининг тўғри чиқадиган прогнозлари билан танилган Эван Бласс хабар берган.

Мазкур қурилма Axon Multy деб номланади ва у бошқача – горизонталига очиладиган «раскладушка» форм-факторига эга. Э.Бласс сўзларига қараганда, бу девайс ташқи кўриниши 2011 йили чиққан, қуйидаги расмда акс эттирилган Kyocera Echo смартфонига жуда-жуда ўхшаш:

«Раскладушка»нинг ҳар иккала томонида биттадан – иккита Full HD сифатли (1920 х 1080 пикселли) дисплей жойлашган. Ёйилган ҳолатда бу иккита дисплей диагонали 6,8 дюймга тенг бўлган битта экранга айланади. Йиғилган ҳолатида ҳам Axon Multy анча ихчам – қалинлиги 10 миллиметрга бормайди.

Смартфоннинг бошқа хусусиятлари ҳозирча аниқ эмас. Тахминий маълумотларга кўра, ZTE’нинг бу ишланмаси ўтган йилги Qualcomm Snapdragon 820 процессори асосида ишлайди. Унинг тезкор хотираси 4 ГБ, доимийси эса 32 ГБ ҳажмли бўлиши айтилмоқда. Axon Multy’нинг камераси 20 мегапикселли, аккумулятори эса 3120 мА/соат сиғимга эга бўлиши эҳтимоли юқори.

 ZTE Axon Multy шу йилнинг октябрь ойи ўрталарида, 650 АҚШ доллари нархида савдога чиқарилиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!