Зукербергнинг “бепул интернет”и Ҳиндистоннинг қайта босиб олинишига тенглаштирилди

Зукербергнинг “бепул интернет”и Ҳиндистоннинг қайта босиб олинишига тенглаштирилди

Facebook’нинг “Текин интернет” лойиҳаси Ҳиндистондаги юз миллионлаб инсонларга халқаро тармоққа уланиш имконини ваъда қилаётган бир пайтда, мамлакатнинг Телекоммуникацияларни тартибга солиш ваколатли органи томонидан ғоя қаттиқ танқидга учради.

Гап шундаки, “Internet.org” лойиҳаси оддий аҳоли вакилларига саломатлик, саёҳат, бўш иш ўринлари, маҳаллий ҳукуматга оид янгиликлар етказувчи сайт ҳамда хизматларни, шунингдек Facebook ижтимоий тармоғи, Dictionary.com ва Wikipedia каби қатор халқаро тармоқлардан ва чегараланган маҳаллий веб-сайтларга кириш имконини беради.

Режага кўра, мазкур бепул сайтлар рўйхатига тадбиркорлар ёки веб-сайтлар эгалари кейинчалик пуллик асосда киришлари мумкин. Муассаса вакилининг фикрича, бу нотенг муносабат мамлакатдаги ахборот технологиялари ривожига жиддий таъсир кўрсатади.

Уларнинг фикрича, Маркнинг бу ғамхўрлиги остида аслида иқтисодий манфаатлар ётади, компания йирик аудитория эвазига тушган рекламадан катта даромад олади.

Марк Зукерберг танқидларга нисбатан ушбу лойиҳадан мақсад фойда олиш эмаслигини, у барча дастурчилар учун очиқлигини ва омади юришмаган инсонларга қашшоқликдан халос бўлишларига ёрдам беришини таъкидлаган.

“Танқидчилар аҳолига бепул интернет хизматларидан фойдаланишларига ёрдам бериш ўрнига, бўҳтонларни тарқатиш билан бандлар,” дейди Марк Times of India нашрига берган интервьюсида.

Ҳиндистонлик таниқли бизнесмен Маҳеш Мурти Марк Зукербергнинг режаларини “рақамли тенглик” ниқоби остида Ҳиндистоннинг Ост-Индия компанияси томонидан қайта босиб олинишига тенглаштирди.

“Facebook’нинг бизнинг омадсиз ака-сингилларимиз билан боғлиқ режаси кундай равшан – компания улар ҳам куни билан бир-бирини “чертиб”, Candy Crush ўйнаб ўтиришларини истаяпти,” дейди тадбиркор.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.