Ўзбекистон қизлари «Technovation Girls Uzbekistan 2023» халқаро танлови доирасида рекорд миқдорда мобил илова ишлаб чиқишди

Ўзбекистон қизлари «Technovation Girls Uzbekistan 2023» халқаро танлови доирасида рекорд миқдорда мобил илова ишлаб чиқишди

Ўзбекистон қизлари «Technovation Girls Uzbekistan» халқаро танлови доирасида рекорд миқдорда мобил илова ишлаб чиқишди

Қизлар учун Ўзбекистондаги энг йирик STEM-дастур – «Technovation Girls Uzbekistan» танловнинг навбатдаги мавсумни якунламоқда. Дастур Tech4Impact ННТ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ва «Yandex GO» онлайн-сервиси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

30 май куни ҳар йили Tech4Impact ННТ томонидан ташкил қилинадиган «Аёллар фан ва технологиялар соҳасида» Ҳафталиги доирасида «Girls in STEM Day» («STEMда қизлар куни») тадбири ўтказилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган тадбирда иштирокчилар ва жамоалар менторларининг дастурдаги 4 ойлик фаолиятига якун ясалди. 

Technovation Girls — қизлар учун халқаро технологик танлов бўлиб, ҳар йили дунёнинг 160 та мамлакатида ўтказилади. Танловнинг мақсади иштирокчиларга «мослашувчан» кўникмаларни сингдириш, қизларни IT-технологияларга, IT соҳасидаги бизнес ва тадбиркорликка қизиқтиришдан иборат.

12 ҳафталик дастур маркетинг, дастурлаш, бизнес-кўникмалар ва тақдимот кўникмалари бўйича таълим модулларини ўз ичига олди. Тренинглар ва семинарлар Тошкентда, Нукусда, Фарғонада ва онлайн тарзда ўтказилди. Қизлар технологиялар ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишни ўрганишди ва Барқарор Ривожланиш Мақсадлари билан боғлиқ соҳаларда инновацион мобил иловаларни яратишди.

«Technovation» дастурида қатнашиш – қизлар учун ўзларини ИТ соҳасида синаб кўриш ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш учун ажойиб имконият. Мамлакатимизда ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш учун технологиялар ва инновациялардан фойдаланиш, қизларни фан ва технологиялар соҳасига жалб қилиш ҳар доим вазирлик томонидан қўллаб-қувватланади», - деди Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги бошқарма бошлиғи Фазилат Кадирова.

«Бу мавсумда «Technovation Girl» дастури ҳамкорлар кўмаги туфайли турли ҳудудлардан кўп сонли иштирокчиларни қамрай олди, 78 та жамоа гендер тенглиги мавзусидаги лойиҳалар, сунъий интеллект қўлланган лойиҳалар, экология, соғлиқни сақлаш, таълим ва волонтёрлик соҳасидаги лойиҳалар асосида ижтимоий мобил иловаларни ишлаб чиқди. Бу биз учун рекорд рақам, жуда кўп қизлар IT-технологияларга ва STEM соҳасида ривожланиш имкониятларига қизиқиш билдирганидан мамнунмиз. Иштирокчиларимизни илҳомлантиргани ва уларга ёрдам бергани учун жамоаларнинг менторларига ҳам миннатдорчилик билдирамиз», – деди  Tech4Impact ННТ директори Саида Юсупова.

«Мен ўз она шаҳрим – Фарғона жамоасига менторлик қилдим. Қизларнинг ижтимоий муаммолар ҳақида қайғуриши ҳамда ўз истеъдоди ва технологиялар ёрдамида вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилиши мени ҳайратга солди. Масалан, жамоамиз хайрия соҳаларида биргаликда ёрдам кўрсатиш учун волонтёрларни бирлаштирувчи маркетплейсни ишлаб чиқди. «Technovation» дастури менежмент бўйича ҳақиқий экспресс-мактаб бўлиб чиқди, мен уни ўрганиш учун университетда олти йил ўқигандим. Яндекс шундай таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши менга илҳом бағишлади, бизда, компания ходимларида, ушбу ташаббусларнинг фаол иштирокчиларига айланиш имконияти бор», - деди Yandex Taxi компаниясининг халқаро бозорларда инфратузилмавий лойиҳалари етакчи менежери Даря Сой.

«Лойиҳа жараёнида иштирокчилар ҳақиқатдан ҳам IT-компанияларда мавжуд бўлган ролларни ўзларида синаб кўришди. Қизлар, биз каби, «спринт» режимида ишлашди, жамоада ишлашни ўрганишди, ўзларини лойиҳавий менежментда синаб кўришди, дедлайнларга амал қилиш қобилиятларини намоён этишди. Буларнинг барчасига мактабдаги юкламаларга қарамасдан эриша олишди. Мени уларнинг ишга ижодий ёндашиш, тадқиқ қилиш қобилияти ҳамда ўйлаган нарсаларини рўёбга чиқаришдаги дадилликлари ҳайратга солди» — деди лойиҳанинг бошқа ментори «Yandex Pois»нинг таҳлилчи ишлаб чиқувчиси Азиза Жумабоева.

30 май куни тадбир меҳмонлари ва иштирокчилари учун қизиқарли дастур ташкил қилинди, хусусан:

●       Тошкент, Андижон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд ва Фарғона жамоалари (8-18 ёшли қизлар) ўз лойиҳалари бўйича фаолият натижаларини намойиш этишди, ўзларининг ижтимоий мобил иловаларини кўргазма стендларида тақдим қилишди.

●       10 та Technovation Girls жамоаси тадбир ҳамкорларининг мавзули номинацияларида мукофотланди (номинациялар орасида – сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича энг яхши лойиҳалар, гендер тенглиги, экология, соғлиқни сақлаш, тенг имкониятларни тақдим этиш мавзулари бор эди). 

Учрашув байрам тантанаси ҳамда «Technovation Girls 2023» иштирокчилари ва менторларига совғалар ва сертификатларни топшириш маросими билан якунланди.

«Technovation Girls 2023»  дастурининг халқаро ҳакамлар ҳайъати 2023 йил 1 июнь куни Ўзбекистондан халқаро танловда қатнашишда давом этадиган бир нечта жамоани аниқлайди.

«Technovation» жамоаларининг барча видеороликлари ва лойиҳалари  http://technovation.uz/allprojects2023  сайтига жойлаштирилган.