Қани, роботжон, бир қоп олма териб келинг-чи

Қани, роботжон, бир қоп олма териб келинг-чи

Сўнгги пайтларда роботлар келажакда ишлаб чиқариш соҳасида инсонларнинг ўрнини босиши ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Аммо роботларнинг саноатга кириб келиши биз ўйлаганимиздан ҳам тезроқ содир бўлмоқда. Масалан, шу кунларда олма терадиган робот яратилиб, унинг ялпи ишлаб чиқарилиши яқин орада бошлаб юборилади.

Роботни яратишни Abudant Robotics Inc. компанияси ўз зиммасига олган. Ҳозирча роботга бирор ном берилмаган бўлса-да, тайёр модел кишида яхши таассурот қолдиради. Робот 1 сонияда битта олма узишга ва кўчатларга зарар етказмай дарахтдан-дарахтга ўтишга қодир. Abudant Robotics компаниясининг таъсисчиларидан бири бўлган Дэн Стирининг айтишича, ҳосилни йиғадиган ва бир вақтнинг ўзида меваларга зарар етказмайдиган қурилмани яратиш муҳандислар учун осон кечмаган. Лекин улар вакумли терим орқали бунинг ечимини топишган. Моҳиятан бундай усул қайсидир жиҳати билан уй тозалашда чангютгичдан фойдаланиш жараёнини эсга солади. Аммо робот анчагина моҳирона тарзда ишлайди ва узилган олмалар зарарланмаслиги учун амортизацияланган қувурлардан ўтказилади. Бундан ташқари, келажакда робот шикастланган пояларни аниқлаши ҳамда касалланган дарахтларни белгилаши ҳам мумкин бўлади.

Истиқболда роботни бошқа мева ва сабзавотларни йиғишга ўргатиш ҳам режалаштирилган. Австралия ва АҚШдаги фермер хўжаликлари аллақачон лойиҳага катта қизиқиш билдирганлар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.