Тадқиқот: инсонлар йилнинг етти ҳафтасини гаджет экранига қараш билан ўтказади

Тадқиқот: инсонлар йилнинг етти ҳафтасини гаджет экранига қараш билан ўтказади

TNS халқаро компаниясининг Австралия бўлими томонидан ўтказилган тадқиқот доирасида фойдаланувчилар электрон девайсга қанча вақт сарфлаши аниқланди, деб хабар беради Sof.uz.

16 ёшдан 30 ёшгача бўлган кишилар мобил қурилмаларга жуда боғланиб қолган. Улар ўз смартфонларидан кунига 3,2 соатга яқин фойдаланади, бу эса йилига 49 кун ёки етти ҳафтани ташкил этади.

Фойдаланувчилар ўз гаджетини кунига ўртача 150 марта текширади. Кишиларнинг 63 фоизи ҳар куни ижтимоий медиадан фойдаланади, қолган ярми эса онлайн видеони томоша қилади. Смартфон эгаси қурилмаларга ўртача 60—70 тагача дастур ўрнатилган бўлишига қарамасдан, ўнга яқин дастурдан мунтазам фойдаланади.

Катта ёшдаги кишилар, 46 ёшдан 65 ёшгача бўлган кишилар гуруҳи смартфонларга кунига 1,5 соат вақт сарфлайди. Ҳар куни уларнинг 24 фоизи ижтимоий тармоқларга ташриф буюради. Телевизор, газета ва радио учун эса кунига 3 соат вақт сарфлайди.

TNS Австралия бўлими ижрочи директори Алистер Литвуднинг сўзлаб беришича, тадқиқот қатнашчиларининг учдан бири ўз кунини интернет билан бошлаб, интернет билан якунлайди.

У фойдаланувчиларни гаджетларни тез-тез четга олиб қўйиб, реал дунёдаги дўстлар ва қариндошлар билан мулоқот қилишга чақирди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!