Xiaomi Mi6 сурат олишда iPhone 7 Plus’ни “ринг”га чорлади

Xiaomi Mi6 сурат олишда iPhone 7 Plus’ни “ринг”га чорлади

Кечагина Xiaomi компанияси ўзининг сўнгги Mi6 флагманини тақдим қилди. Унинг қатор илғор жиҳатлари сирасига 12 мегапикселли 2 та модулнинг бирикувидан иборат бош камерани ҳам таъкидлаш жоиз. Камера суратни 4 ўқ бўйлаб барқарорлаштириш технологиясига эгалиги билан диққатга сазовор. Бу технологиянинг ишлашига смартфондаги акселерометр, гироскоп каби ички сенсорлар ҳам ёрдам беради.

Xiaomi Mi 6 нафақат флагмани 3,5 мм.ли анъанавий аудио-портдан воз кечгани билан, шунингдек 12 мегапикселли қўш объективли бош камераси билан ҳам iPhone 7 Plus’нинг изидан борди. Бу қўш объектив флагманга ён-томон эффектларига эга портрет сурат олиш, манзарани яқинлаштириб туриб сифатли сурат олиш имконини беради.

Бош камера 10 маротабалик рақамли яқинлаштириш ҳамда 2 маротабалик оптик яқинлаштириш функцияларига эга. Бу жиҳатлари билан ҳам Xiaomi Mi6 флагмани iPhone 7 Plus девайсини эслатиб юборади. Қуйида бу иккала смартфоннинг имкониятлари синовдан ўтказилган илк тестни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Суратлар T4U Gadget нашри томонидан эълон қилинган.

Xiaomi Mi6 ҳамда iPhone 7 Plus олган суратларни кўриб, айтиш мумкинки, турли шароит ҳамда форматда олинган суратлар сифатини солиштириб кўрадиган бўлсак, хитойлик смартфон ўзининг устун жиҳатларини намоён қилган. Тўғри, рангларни табиий беришда iPhone 7 Plus камерасининг ишлаши тўғри. Бироқ, бу расмлар нисбатан хирароқ туйилади. Камера алгоритмининг ишлаши эса Xiaomi Mi6’да яхши ва бу алгоритм ёруғлик паст шароитда ёрқинлик даражасини яхшилаш ва ранглар ўртасидаги қарама-қаршиликни ошириш чорасини кўради.

Суратларга баҳони ўзингиз беринг ва Facebook’даги саҳифамизга изоҳ сифатида “чемпион” номини ёзинг. Биз эса ҳозирча Xiaomi Mi6 камерасини ўрганиб, билганларимизни сизга етказишга ҳаракат қиламиз.