Meizu металл корпусли M3 Note смартфонини тақдим этди

Meizu металл корпусли M3 Note смартфонини тақдим этди

Meizu режалаштирилган тақдимотида ўрта нарх диапазонидаги 5,5 дюймли M3 Note фаблетини намойиш қилди. Смартфоннинг аксарият хусусиятлари ва ташқи кўриниши тақдимотдан аввалроқ маълум бўлиб улгурган эди. Шу боис тақдимотда бирор кутилмаган янгилик деярли янграгани йўқ. Кутилганидек, смартфон кумуш, олтин ва кулранглардаги металл корпусга эга бўлди, 2.5D олд ойнаси ва ён механик тугмалар блокининг қирралари Meizu PRO 5 флагманидаги каби қайрилган.

Смартфон пикселлари сиғими 1920х1080 бўлган 5,5 дюймли IPS-дисплей билан таъминланган. Саккиз ядроли (1.8 ГГц) MediaTek Helio P10 MT6755M (8хARM Cortex-A53) процессори ва Mali-T860 график тезлаткичи смартфон иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

2 ва 3 Гб тезкор ҳамда 128 Гб гача MicroSD картаси билан кўпайиш имконига эга 16 ва 32 Гб доимий хотирали икки талқинда тақдим этилади. Одатдагидек, иккита SIM ёки SIM+MicroSD слот билан таъминланган.

Асосий камера 13 Мп бўлиб, иккита ёруғлик диодли чақноқ ва фазавий автофокус (0,2 сонияда фокусланади)га эга. Олд камера эса 5 Мп. Симсиз Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, Bluetooth 4.0, GPS ҳамда LTE тармоғини қўллаб-қувватлайди. Экран остида бармоқ изи сканерли mTouch 2.1 тугмаси ўрнатилган. Смартфон аккумулятори — 4100 мАсоат. Ўлчамлар: 153.6х75.5х8.2 мм, вазни: 163 г. Смартфон Android 5.1 Lollipop операцион тизими асосида ишлайди, бироқ интерфес сифатида Flyme OS 5.1 дастурий қопламаси ўрнатилган.

Смартфон савдоси Хитойда 11 апрелдан бошланади. 16 Гб моделининг нархи 125 доллар атрофида бўлса, 32 Гб талқини эса 155 доллар.

Манба: AndroidHeadlines

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!