Samsung ҳамёнбоп Galaxy C’ни бозорга тайёрламоқда

Samsung ҳамёнбоп Galaxy C’ни бозорга тайёрламоқда

Айни кунда ахборот технологияларини ёритишга ихтисослашган сайтларда  “SM-C5000” кодли янги кўринишдаги Samsung смартфонининг суратлари нашр қилинмоқда. Маълумотларга қараганда, Samsung компанияси яқин кунларда “Galaxy” туркумидаги янги “C” номли гаджетларни намойиш қилади.

Ҳозирча янги мобиль алоқа воситаси ҳақидаги энг аниқ маълумот унинг экран диагонали 5.2 дюймли эканлигидир. Экраннинг пиксель сиғими камида 1920 x 1080 белгига тенг бўлади. Баъзи нашрларда смартфон 5.7 дюймли дисплей билан сотувга чиқарилиши ҳам эълон қилинган.

SamMobile нашрининг маълум қилишича, мазкур мобиль аппарати премиум-дизайн, яъни ўзига хос жозибадор кўринишга, ўз навбатида юпқа ва нафис металл корпусга эга бўлади.

Маълум бўлишича, ушбу янги самсунг гаджети Geekbench мобиль ва электрон қурилмалар имкониятини баҳолайдиган дастурининг имтиҳонларидан ўтган.

Унда кўрсатилишича, Samsung Galaxy C смартфонлари 8 ядроли Snapdragon 617 процессорида фаолият кўрсатади ва унда алоҳида Qualcomm Adreno 405 – мобиль график-тасвир процессори ҳам мавжуд бўлади.

Шу билан бирга, янги смартфон 4 Гб оператив хотира, 32 ГБ доимий хотира, Android 6.0.1 Marshmallow операцион тизими билан таъминланган.

Смартфон 16 Мп бош ҳамда 8 Мп олд камераларга эга бўлади.

Ушбу смартфон туркуми кейинги ойда аввал Хитойда ва ундан сўнг Ҳиндистонда тақдим қилинади. Шунингдек, Galaxy A, Galaxy E ҳамда Galaxy J каби ҳамёнбоп смартфонлар қаторидан жой олиши маълум қилинган қурилманинг 170 АҚШ долларидан сотувга чиқарилиши тахмин қилинмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.