Тошкентда ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси очилди
15 сентябрь куни Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида, Тошкентдаги Ўзекспомарказда “ICTEXPO Uzbekistan-2015” ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси иш бошлади. Айни пайтда мазкур кўргазма Самарқанд шаҳрида ҳам ўтказилмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон Републикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.
Тошкентдаги кўргазмада 120 компания, Самарқанд шаҳрида эса 50 га яқин компания иштирок этмоқда.
“ICTEXPO-2015” бир неча йўналишни ўз ичига олиб, улар қаторидан мобил алоқа, интернет, телекоммуникация, софтвер индустрияси, э-ҳукумат ҳамда электрон тижорат каби соҳалар ўрин олган.
Кўргазмада бу йил алоҳида «е-ҳукумат» ва «Best Soft Uzbekistan» секциялари ташкил этилган. Стендларда дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича давлат органлари ҳамда корхоналари ишлари намойиш этилмоқда.
Ҳафталик кўргазма ахборот-коммуникация ноу-хау соҳасидаги мутахассислар учрашуви учун ҳам ажойиб тадбир сифатида кўрилмоқда. Кўргазманинг иштирокчи компаниялари томонидан ташриф буюрувчиларга ахборот технологиялари соҳасида энг янги ишланмалар намойиш этилади, долзарб хизмат ва ечимларнинг кенг турлари тақдим этилади. Масалан, кўргазмада мобил тармоғига кенг полосали уланиш, рақамли телевидение технологиялари, телетиббиёт соҳасидаги лойиҳалар ҳамда янги ахборот-кутубхона технологиялари намойишга қўйилган.
Кўргазма доирасида 1-12 сентябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Олмалиқ шаҳарларида ўтган киберфутбол бўйича саралаш мусобақалари ортидан “Uzbekistan Cyber Games FIFA15” турнири ҳам ўтказилади. UCG FIFA15 мусобақасининг миллий финали 15-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Турнирда 8 та ўрин ғолибларига совринлар (планшет, смартфон ва мобил телефонлари) ҳамда ғолиблик дипломлари тақдим этилади.
“ICTEXPO-2015”га ташриф буюрганлар мамлакатимизда ва чет элда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдим этилган “Gadget Fair” гаджетлар ярмаркасидан ҳам баҳраманд бўлишлари мумкин. Бу ярмаркада маҳсулотларни нафақат кўриб-ўрганиш мумкин, балки смартфон, ноутбук ва планшет каби қурилмаларни сотиб олиш ҳам мумкин.
Кўргазма ўз ишини 2015-йил 17 сентябргача давом эттиради.
Суратлар Gazeta.uz’дан олинди.