12000 мА/с батареяли Doogee смартфони ҳамёнбоп нархда сотувга чиқарилди

12000 мА/с батареяли Doogee смартфони ҳамёнбоп нархда сотувга чиқарилди

Куни кеча Хитойнинг таниқли онлайн савдо платформаларида куч-қуввати узоққа дош берадиган Doogee BL12000 смартфони сотувга чиқарилди. Смартфондаги "жиддий аккумулятор"нинг электр токи сиғими 12000 мА соат. Аниқроғи, смартфон "борти"дан ўрин олган 2 та "қувват тоши"нинг ҳар бири ўзида 6000 мА соат токни жам қилиш имконига эга бўлган.

Шу билан бирга, ўлчами 162 x 74,7 x 14 мм бўлган смартфон 300 грамм тош босади. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, бу қувват мобил гаджетга "кутиш режими"да юрганда ярим ойга етади. Тинимсиз суҳбат қурганда эса гаджетдан 48 соат узлуксиз фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, тўлиқ қувват 25 соат ёрдамида тўхтовсиз видео томоша қилиш имконини беради. Шунингдек, Doogee BL12000 тезкор қувват олиш (12V/3A) технологиясига эга бўлган. Ҳар иккала аккумулятор 4 соат ичида қувватини 100% га тўлдиради.

Doogee BL12000'нинг қолган жиҳатлари ҳам ёмон эмас: 6,0 дюймли дисплейнинг томонлар нисбати замонавий -- 18:9 стандартли. Дисплейнинг пикселлар сиғими 2160 х 1080 белгига тенг ва экран 2,5D эффектига эга шиша билан ҳимояланган.

Девайсга MediaTek MT6750T процессори, 4 Гб оператив хотира, 32 Гб доимий хотира ўрнатилган. Гибрид бўлмачага сим-карта ёки хотира флешкаси қўйиш мумкин.

Бош камера қўш -- 16 Мп ҳамда 13 Мп сенсорларидан иборат. Олд камера ҳам қўш -- 16 Мп ва 8 Мп аниқлигидаги датчиклар ўрнатилган. Смартфон қадоқдаёқ Android 7.0 Nougat операцион тизимида фаолият кўрсатади.

Айни пайтда Doogee BL12000 қора ҳамда кўк рангли корпусда $210 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Шу билан бирга, тез орада бозорга BL12000'нинг янада такомиллашган -- Doogee BL12000 Pro талқини ҳам сотувга чиқарилиши маълум қилинган. Унга яп-янги MediaTek Helio P23 процессори ўрнатилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.