Apple I компьютери қачон ва қандай яратилган эди?

Apple I компьютери қачон ва қандай яратилган эди?

Стив Возняк 1975 йилнинг айни 29 июнь санасида Apple I компьютерининг прототипини илк бор ишлатиб кўрган эди. Бу – тарихда биринчи бор уй компьютерида терилган белгиларнинг телевизор экранида акс этиши эди, деб ёзади Ферра нашри.

Ўша йилнинг баҳорида Возняк «Уй компьютер клуби» йиғилишига қатнарди. У даврларда барча ихчам ва арзон ($495) компьютер – Altair 8080’дан илҳомланган эди. Аммо унда ишлаш учун переключателлар билан қуролланиб олиш ва бир қатор лампочкаларнинг сигналларини кузатиб бориш талаб этиларди. Бундан ташқари, девайс харидорларга платалар ва бутловчи қисмлар шаклида етказиб берилар, эгалари уни ўзлари улаб, кавшарлаб йиғиб олишлари керак бўларди.

Шунда Вознякнинг хаёлига бир фикр келди: телевизорга уланадиган, клавиатурали компьютер яратса бўлмасмикан? Серғайрат Стив ўйлаганини амалга оширди ҳам!

Вознякнинг адаши ва ҳамкори Жобс эса, бундан пул ишлаб олиш мумкинлигини пайқаб қолди. Икковлон келишиб, шу бизнесни йўлга қўйишга қарор қилишди, аммо монтаж платалари конструкторига ҳақ тўлаш учун уларнинг маблағи йўқ эди. «Жон қийнамасанг жонона қайда…» деганларидек, бизнес учун айрим нарсалардан воз кечишга тўғри келди: Возняк ўзининг HP 65 русумли калькуляторини, Жобс эса – автомобилини сотишди.

Иккала Стив – Возняк ва Жобс ўзлари яратган компьютер билан

Шу тариқа, Apple I модели йиғилган ҳолда сотилган илк уй компьютерига айланди. Унинг нархиям озмас, кўпмас – нақ 666,66 доллар эди. Тўғри, барибир унга қўшимча тарзда корпус, қувват блоги, клавиатура ва монитор ҳам харид қилиш керак бўларди. Аммо, рақобатчиларнинг моделларига солиштирганда, шунинг ўзи ҳам катта бурилиш бўлган.

Қўлбола ёғоч корпусга солинган Apple I компьютери

Шу моделнинг илк намунасини эса, юқорида таъкидлаганимиздек, 1975 йил 29 июнда ёқиб, ишлатиб кўришганди.

Қизиғи шундаки, бу илк моделнинг камёб бўлиб қолиши – айнан Apple компаниясининг атай қилган ишидир. Чунки, фойдаланувчиларнинг уни ишлатиш бўйича туғиладиган саволларига фақат биттагина киши – шу Стив Возняк жавоб бера оларди. Шу боис ҳам бу моделни имкон қадар истеъмолдан чиқариш пайига тушишди. 1977 йилдан эса компания Apple I компьютерларини қайтиб олиб, бунинг эвазига янги модель – Apple II учун чегирма тақдим эта бошлади. Қайтариб олинган илк компьютери нусхаларини эса Apple’нинг ўзи йўқ қиларди.

Шу тариқа Apple компьютерларининг илк авлоди камёб бўлиб қолди, натижада, ҳозиргача 66 та оригинал Apple I сақланиб қолган. Лекин улардан 6 таси ҳали ҳам ишлайди. Яқиндагина шулардан биттаси ўз нархидан 500 баравар қимматга сотилгани ҳақида ҳам хабар бергандик.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.